Коронавируснинг ўта юқумли янги штамми аниқланди: ЖССТ фавқулодда йиғилиш ўтказади, Европа давлатлари Африкага парвозлар тўхтатиши мумкин
Кеча касалликнинг янги штамми биринчи марта Ботсвана ва Жанубий Африкада аниқлангани айтилганди. Европа давлатлари бирин кетин Африкага парвозларни тўхтата бошлади. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг барча аъзо давлатлари учун ушбу давлатлар билан ҳаво қатновини зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Аммо афсуски, вирус аллақачон қора қитъадан ташқарига чиққани айтилмоқда. Жумладан, Гонконгда Жанубий Африкадан учиб келган сайёҳ касаллангани маълум бўлган.
"Олимларимиз бу вариантдан жуда хавотирда. Шу сабабли биз шундай чоралар кўришга мажбурмиз. Айтмоқчиманки, биз бу штамм тўғрисида етарлича маълумотга эга эмасмиз, ҳеч ким эга эмас", дейди Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Жовид.
Яна бир қатор олимларнинг фикрича эса, бу вирус олдинги штаммларга қараганда бир неча баравар кўп мутацияли, ўта юқумли, аммо ҳозир амалда қўлланилаётган вакциналарга чидамсиз.
Жозеф Паахла, Жанубий Африка соғлиқни сақлаш вазири:
"Дам олиш кунлари олимлар бу вариантни яхшироқ ўрганади, бизга кўпроқ маълумот беришади ва биз яхшироқ тайёргарлик кўришимиз мумкин бўлади. Аммо сўнгги 20 ойлик тажрибага асосланиб, воқеалар қандай ривожланишини тахмин қилиш мумкин. Масалан, Гаутенгда «дельта» қандай ривожланганини ҳисобга олсак, одамлар кейинги бир неча ҳафта ичида янада кўпроқ ҳаракат қила бошласа, биз амин бўлишимиз мумкинки, ҳаммаси тугайди".
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари бугун, 26 ноябрь куни фавқулодда йиғилишда янги вариант қанчалик хавфли бўлиши муҳокама қилинади.