Коррупция жиноятига қўл ураётган мансабдор шахсларга нисбатан қаттиқ жазо қўлланиши шарт
Бу Олий Мажлис Сенатида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлисида айтилди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги Коррупцияга қарши курашиш миллий ва ҳудудий кенгашлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида содир этилган коррупциявий жиноятлар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, коррупцияга мойил бўлган соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупция омилларининг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш зарурлиги ва ҳам иқтисодиёт, ҳам ҳаёт фаровонлигини таъминлаши қайд этилди.
- Тўғри, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида коррупция ҳолатлари камайди, бу иллатга оид жиноятларни очиш даражаси ошди, - деди Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева. - Коррупция жиноятлари натижасида давлатга етказилган моддий зарар ундирилаётгани ҳам яхши. Бироқ Ўзбекистон 2023 йилги «Коррупцияни қабул қилиш индекси»да 180 давлат орасида 121-ўринни эгаллади. Бу билан мамлакат ўрни 5 поғонага яхшиланган (2022 йилда 126-ўрин), холос. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган тадбирлар натижасига мос келмайди. Масалан, соғлиқни сақлаш, таълим ва банк соҳалари ҳамон энг коррупциялашган соҳалигича қолмоқда.
Мажлисда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликларида учраган коррупцион ҳолатлар танқидий муҳокама қилинди, бу жиноятга қўл ураётган мансабдор шахсларга нисбатан аёвсиз жазо қўлланиши зарурлиги айтилди.
Мажлис доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини кучайтириш, уларни ахборот, маслаҳат ва услубий қўллаб-қувватлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбирда капитал қурилиш соҳаси ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2024-2026 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”, жамиятда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.