Корхонадаги 7,5 минг килограмм арматурани реализация қилиш ман қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрда “Қурилиш учун мўлжалланган металл прокатининг сифати ва хавфсизлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорга асосан «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаментининг вилоят мутахассислари томонидан вилоятдаги металл маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулотлар мониторинги олиб борилди. Сифатсиз маҳсулотлар аниқланиб, тадбиркорларга маҳсулотининг сифатини ошириш бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Вилоятимизда арматура ишлаб чиқарадиган «SAMARQAND METALL PRODUCTION» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш жараёнини стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш соҳаларида жиддий қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Жараён “хавфни таҳлил қилиш” тизимида ўрганилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича хавфлилиги юқори эканлиги сабабли ушбу корхонада текшириш ўтказиш учун Президент ҳузуридаги вакилга мурожаат қилинди.
Ўрганиш натижаларига кўра, корхона томонидан ишлаб чиқарилган арматуранинг сифати ва хавфсизлиги амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги, корхона томонидан арматура маҳсулоти мажбурий сертификатлаштиришга тақдим этилмаганлиги ҳамда метрология қонунчилиги талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланди. Корхонадаги сифат талабларига жавоб бермаган 7,5 минг килограмм арматурани реализация қилиш ман қилинди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган бир нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Раҳмат ТОЖИБОЕВ,
Жавлон АБДУЛЛАЕВ,
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаментининг Самарқанд вилоятидаги инспекторлари.