Кўзингизга қараб, фикрингизни уқадиган чемпион
У ҳам барча тенгдошларига ўхшаб фаст-фуд таомларни хуш кўради. Телефондаги баъзи ўйинларга бефарқ эмас. Кези келганда тўп тепиб, теннис ўйнайди. Аммо 13 ёшли бу болани нафақат Ўзбекистонда, дунёда ҳам яхши билишади. У олти ёшиданоқ машҳурликка эришди, 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритди. Унинг оиласи, ўзи ҳақида оммавий ахборот воситаларида шунчалик кўп мақолалар чоп этилиб, кўрсатувлар тайёрландики, бир қараганда унинг мухлислари учун бирор-бир янгилик айтиш мушкулдай. Аммо бу гал Жавоҳир Синдоров билан ютуқлари омилига эмас, 13 ёшли ўсмирликдаги ўйларига кўпроқ эътибор қаратдик.
– Ҳар гал чемпионатлардан кейин интервью беришга тайёр бўласизми, саволларга жавоб беришдан қочган пайтларингиз ҳам бўлганми?
– Одатда бу қийин эмас. Халқаро мусобақаларда кўпинча бир хил савол беришади, “Таассуротларингиз…“ “Ўйиндан кўнглингиз тўлдими?“, каби. Аммо бир нечта камерага алоҳида жавоб беришдан, ҳақиқатан чарчаган пайтларим бўлган. Сабаби, йирик мусобақалар барибир одамни толиқтиради.
– Хорижлик дўстларингиз кўп бўлса керак?
– Албатта, улар билан доим мулоқотда бўлиб тураман.
– Мактабдаги дўстларингиз билан муносабатларда чемпионлик “статус“и халақит бермайдими?
– Йўқ, адашасиз, юлдузлик касалига учрамаганман!
– Лекин ҳар ҳолда сиз катта давраларни кўргансиз, кўп давлатларда бўлгансиз. Бу ердаги тенгдошларингиз билан мулоқот сизни зериктириб қўймайдими?
– Ҳеч қачон. Дўстларим билан дўстман, мактабда оддий ўқувчиман. Чемпионликнинг бунга алоқаси йўқ.
– Кези келганда ўқитувчиларингиз баҳонгизни ошириб қўйса керак?
– Бунақасиям бўлиб туради. Ахир чемпионатлар олдидан кўп дарс қолдиришимга тўғри келади-да.
– Укаларингиз билан тортишиб қолганда уларга ён босасизми? Оилада тўрт ака-ука тарбияланяпсизлар экан…
– Ён босаман дейиш нотўғри-куя. Аммо тортишувларни кўп чўзмайман. Сабаби, укаларимнинг кўзига қараб, нима демоқчилиги, қандай фикрлаётганини сезиб тураман. Нотўғри бўлса, дарров айтаман, гапимга кўнади.
– Кўзга қараб фикрни билиш – шахмат таъсири бўлса керак.
– Ҳа, рақибимга қараб, унинг хаёлидан ўтаётганларни илғаб оламан. Кўпчилик шахматчиларга хос бу хусусият.
– Тўрт ёшингиздан бери шахмат ўйнайсиз, жиддий шуғулланасиз, баъзида мен ҳам тенгдошларимдай эркин бўлишни истайман, деган фикр келмайдими хаёлингизга?
– Ахир шахмат ҳаётимнинг бир қисмига айланиб бўлган-ку! Кўпчилик бизни 5-6 соатлаб тинимсиз шуғулланади, деб ўйлайди. Ундай эмас. Шахмат билан бунчалик узоқ муддат шуғулланиш мияни чарчатиб қўяди. Орада дам оламиз, стол тенниси ўйнаймиз, сузишимиз мумкин.
– Бобонгиз Комил Синдоров доим сиз билан бирга. У кишининг хизматлари туфайли бугун шундай даражага эришганингиз ҳақида ўқиганмиз. У киши билан ҳалиям шахмат ўйнаб турасизми?
– Йўқ. Бобом мени шахматда охирги марта 5 ёшимда ютган. Бобом учун мен билан шахмат ўйини унчалик қизиқ бўлмаса керак.
– Қўшработга, боболарингиз юртига бориб турасизми?
– Албатта. Ҳар йили бориб, мусобақалар уюштирамиз, катта бобом томонидан ташкил этилган музей ҳолати билан қизиқиб кўрамиз. Бобомнинг бобоси – Эргаш Жуманбулбул ўғли номидаги музейдаги ашёларни ҳар сафар қизиқиб томоша қиламан.
– Сиз ўзингизни туғма истеъдод соҳиби, деб ҳисоблайсизми?
– Бобом шахматга бўлган лаёқатимни ўз вақтида сезиб, мени шунга ундаганлари учун бу натижага эришганман. Туғма истеъдод бўлса-ю, аммо оилада буни ҳеч ким сезмаса, ундай бола кўп нарсага эришолмайди. Оиладаги қўллаб-қувватлаш шахматчи учун энг муҳими, деб ўйлайман. Кейин, албатта, шуғулланиш, тинимсиз шуғулланиш.
– Кўп нарсага эришдим, деб ҳисоблайсизми?
– Йўқ-йўқ, ҳали олдинда марралар жуда кўп. Эҳ-ҳе, қанча шуғулланишим керак. Унинг катта ёшли кишилардай фикрлаши, аммо шунинг баробарида ҳали 13 ёшли ўсмир экани суҳбат давомида сезилиб турди. Яна бир нарса – ҳақиқатан фикрни кўзга қараб, илғаб олишини ҳам ҳис қилдик. Эҳтимол, унинг босиқ, ўйлаб фикр билдиришига, ортиқча сўзлардан қочишига шахмат сабаб бўлгандир, аммо ўзидан катталар билан муносабатда, суҳбат давомида хонага кирган ёши катталарга қўлни кўксига қўйиб, фикр билдириши – ўзбекона тарбиясида бобосининг таъсири борлиги аниқ. Баракалла, чемпион йигит!
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.