Кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда

Шу йил 16 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Саммит минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва стратегик мақсадларни белгилаш борасида янги босқични бошлаб берди.

Учрашувда Президентимиз томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, минтақанинг барқарор ривожланиши учун устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Минтақавий интеграциянинг янги босқичи

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида мулоқотнинг маслаҳат форматидан самарали ҳамкорликка ўтди. Чегаралар очилди, энергетика, транспорт ва савдо соҳаларида таянч механизмлар яратилди. Ўзаро савдо ҳажми 10,7 млрд долларни ташкил этиб, минтақавий инвестициялар 17 фоизга ўсди.

Институционал асосларни мустаҳкамлаш

Президент учрашувлар форматида “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик платформасини барпо этиш, Котибиятни ташкил қилиш, Оқсоқоллар кенгашини тузиш ва миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини оширишни таклиф қилди.

Иқтисодиёт ва инвестициялар

Минтақа мамлакатлари ўзаро савдони 1,5–2 баробар ошириш имкониятига эга. Президент қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:

- 2035 йилгача мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини қабул қилиш,

- Ягона инвестиция макони тўғрисида декларация ишлаб чиқиш,

- Электрон тижоратни биргаликда ривожлантириш.

Транспорт ва инфратузилма

Ўзбекистон "Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон" темир йўли, Трансафғон коридори ва Транскаспий йўналишини ривожлантириш каби йирик лойиҳаларда минтақавий бирдамликни чақирди. Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш бўйича Кенгаш тузиш таклиф этилди.

Хавфсизлик ва Афғонистон масаласи

Минтақавий хавфсизлик концепцияси ва Таҳдидлар каталоги муҳокама этилди. Президент Афғонистонни энергетика ва транспорт лойиҳаларига интеграция қилишнинг аҳамиятини қайд этиб, “Фарғона тинчлик форуми”ни доимий халқаро анжуманга айлантириш ташаббусини билдирди.

Иқлим ва сув ресурслари

Ўзбекистон 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш ўн йиллиги” деб эълон қилиш, шунингдек, сув хўжалиги бўйича минтақавий компетенциялар марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Гуманитар соҳада ҳамкорлик

Илмий ва маданий алоқаларни ривожлантириш қўллаб-қувватланди. Президент ҳар йили маънавий мерос ва маърифатпарварликка бағишланган Халқаро конгресс ўтказиш, Минтақавий илмий тадқиқотлар жамғармасини ташкил этиш ҳамда минтақамиз мутафаккирларининг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида БМТ резолюциясини таклиф этди.

Озарбайжоннинг қўшилиши – янги босқич

Саммит иштирокчилари Озарбайжоннинг тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилишини бир овоздан маъқуллади. Президент Шавкат Мирзиёев бу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида ягона ҳамкорлик маконини шакллантиришини таъкидлади.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкентда ўтган бу саммит минтақа тарихида муҳим воқеага айланди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда”.

Ҳақиқатан ҳам, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик орқали Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва халқлар фаровонлигига эришиш мумкин.

Бадридин Насриев,
ХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.