Кулги гимнастика ўрнини босади

Самимий, дилкаш ходимлардан бири ўзининг янги латифаси билан барчани оғзига қаратди.

- Икки овчи ўрмонда ов қилиб, ўқлари тугаб уйга қайтаётса, йўлдан шер чиқиб қолибди. Жон ҳолатда қочиб дарахтга тирмашибдилар. Биринчи овчи ҳамроҳига тасалли бериш учун: “Мен китобда ўқиганман, шер дарахтга чиқа олмайди”, дебди. Қарашса, арслон важоҳат билан тепага қараб ўрлай бошлабди. Шунда иккинчиси: “Ана чиқяпти-ку?!” деса, шериги хижолат бўлиб: “Менимча, бу шер ўша китобни ўқимаган бўлса керак”, деган экан...

Ҳозиргина сув қуйгандек жимжит бўлиб турган хона девори кулги зарбидан титраб кетади, гўё. Кимдир бор овозда хо-холаса, ким¬дир товушини ичига ютиб хи-хилайди, учинчиси кулгидан ёшланган кўзини артади. Қовоқ уюб ўтирган ёки хўмрайган одам йўқ. Ҳамма баравар кулади. Зерикиш, сиқилиш, арзимаган нарсадан асабийлашиш ўз-ўзидан йўқолади. Мазза қилиб кулгандан сўнг кайфият кўтарилиб, ишчанлик ортади. Ҳалигина соғлиғидан шикоят қилиб турганлар ҳам касаллигини эсидан чиқаргандек, ғайрат билан ўрнидан туради.

Ҳа, буни кулгининг қудрати, дейдилар. Табассум ва ханда билан ўз муаммоларингизни сал бўлса ҳам унутасиз. Кулги дарғаларидан бири Юсуфжон қизиқ Шакаржонов бежиз “кулинг дўстлар, умрингиз узоқ бўлади” демаган. Бу хусусда аллома Абдураҳмон Жомий шундай деганлар:

Сиқилган кишига кулги бахш этмоқ,

Бир ботмон қанддан ҳам билгил, яхшироқ.

Шакардан топади маза оғиз, тил

Кулгидан топади лаззат руҳу дил.

Кулги, табассум асаб бузилишининг олдини олибгина қолмай, кўплаб касалликларни даволар экан.

Кулги билан даволашнинг асосчиси, америкалик журналист Норман Казинс ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида ўз устида шундай тажриба ўтказган. У бир неча ой фақат кулгили комедияларни томоша қилган. «Кулги сеанслари натижасида суякларимда пайдо бўлган оғир касалликдан қутулдим» дейди у. Казинс кейинчалик кулги билан даволаш кафедрасини ташкил этади. Ана шу ташаббуснинг самараси ўлароқ, Америкада 600 дан ортиқ кулги терапевти табассум билан даволаш бўйича тажриба тўплаган. АҚШлик олимларнинг эътироф этишича, кулги дардни енгиш, терининг аллергик хасталикларини даволашда энг муҳим воситадир.

Кулги танани яйратади, юракни яшнатади. Ёнимиздаги киши табассум қилса, тафти бизнинг юрагимизга ҳам кўчиб киради. Шу тариқа юрак қувончга тўлади, кайфият созланади. Турмуш тарзимизда кулгининг аҳамияти шу қадар муҳимки, кўпгина муаммоларни кулги ёрдамида енгиб, стресс оқибатида пайдо бўладиган касалликларнинг олдини олишимиз мумкин.

- Кулги мияга куч беради, ўпкада ҳаво алмашинувини яхшилайди, бош мия қобиғидаги импульсларнинг юришини тезлаштиради, бу эса янги ахборотларни қабул қилиш ва ўзлаштиришга ёрдам беради, - дейди каттақўрғонлик тажрибали физотеропевт-врач Гулсара Бобомуродова. - Беморга ташхис қўйиш, касаллигини даволаш асносида кулгитерапия имкониятларидан фойдаланамиз. Қўрқинчли фикрларни ҳаёлдан ўтказсак, даҳшатга тушамиз. Касалликларни ўйлайверсак, бемор бўлиб қолишимиз тайин. Ҳар биримиз ўзимизда ҳаётга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришимиз керак. Кўтаринки руҳда яшасак, қадамимизда учраган мағлубиятни енгиш осон кечади.

Ҳинд олимлари кулги билан даволаш юзасидан изланиш олиб бориб, бир кеча-кундузда 17 дақиқа кулиш лозимлигини тавсия қилганлар. Мутахассис олим Карл Родал ўз тажрибаларига асосланиб, «10 дақиқалик кулги 15 дақиқалик гимнастика ўрнини босади», деб таъкидлаган. Кулги мушакларни бўшаштиради, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, асаб тизимида ижобий кайфият пайдо қилади. Инсон қачонки яйраб кулса, дардлари ариб, танасидаги чарчоқ ёзилади, умрига умр қўшилади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.