Лифтда 18 ёшли қизга ҳужум қилган эркак қидирилмоқда
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлардан биридаги лифтда 18 ёшли қизга ҳужум қилган эркак қидирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, 15 февраль куни соат 12:00 лар атрофида Чилонзор тумани ИИО ФМБ 5-сонли ички ишлар бўлими ходимларига 18 ёшли қизга номаълум эркак томонидан ҳужум қилинганлиги юзасидан шикоят келиб тушган.
Маълум бўлишича, ўзига номаълум эркак томонидан ҳужум қилинганда 18 ёшли қиз бақирган, натижада эркак қўрқиб воқеа жойидан яширинган.
Аммо кузатув камерасида ушбу шахснинг қиёфаси муҳрланиб қолган бўлиб, ҳозирда унинг сурати Чилонзор туманидаги барча ички ишлар бўлинмаларига юборилган.
Унинг ёши тахминан 25-35 атрофида, бўйи 170-180 сантиметр, сочлари эса қора рангда.
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан гумонланувчи ҳақида бирор маълумотга эга бўлинганда ушбу 71-232-30-40, 71-232-40-50 ёки 102 рақамига қўнғироқ қилиниши сўралмоқда.