Тез тиббий ёрдам шифокорлари яна тажовузга учради

Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, Тошкент шаҳридаги 6-станциянинг тез тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Хўжаевнинг ўзига нисбатан бемор яқинлари томонидан тажовуз қилингани ҳақидаги мурожаати эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, 29 сентябрь куни соат 22:51да бўлган мурожаатга кўра, тез ёрдам 12 дақиқада кўрсатилган манзилга етиб боришади. Уларни бир гуруҳ маст эркаклар қарши олишди ва стулларда ётган 28 ёшли қиз ёнига олиб боришди. Унинг атрофида тўпланиб олган бир гуруҳ одамлар тинимсиз бақирар, шифокорларни ҳақорат қилишарди. Қизда психомотор қўзғалиш кузатилаётганди. Шифокор Ж.Хўжаев 28 ёшли бемор қизнинг барча ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканлигини тушунтиради. У ердагилар эса шифокор ва фельдшерни ҳақоратлашда давом этишди. Шунга қарамай Ж.Хўжаев тиббий ёрдам кўрсатган бемор қиз ухлаб қолади. Маълум вақт ўтиб яна уйғонди ва яна қичқиришни бошлайди.

Сўнгра беморни 7-шаҳар клиник касалхонаси қабулхонасига олиб келади. Қизнинг қариндошлари у ердаги ёрдамга келган невропатологни ҳам ҳақорат қилишади. Шундан сўнг бемор реанимация бўлимига олиб борилади. Реанимация бўлимидаги шифокор ва ҳамшираларнинг тинчлантиришига қарамай, қизнинг қариндошлари бўлимга кириб шифокорларни ҳақоратлашда давом этади. Шунда шифокор Ж.Хўжаев йўлакка чиққанида беморнинг акаси тўсатдан боши билан юзига зарба берди ва бурнини синдирди. Кучли қон кета бошлади. Ушбу ҳолат юзасидан милицияга хабар берилди. ИИБ ходимлари беморнинг қариндошларини зўрға тинчлантиришади. Эртаси куни бемор қизга уйига жавоб беришди. Чунки у бутунлай соғлом эди.

Жабрланган шифокор эса 7-клиник шифохонада “Бурун суякларининг ёпиқ синиб силжиши, мия чайқалиши ва бош мия суягининг аралаш ёпиқ синиб жароҳатланиши, бош мия чайқалиши” ташхиси билан даволанмоқда.

“2,5 йилдан буён тез тиббий ёрдамда ишлайман. Одамлар шифокорларга йилдан-йилга ёмон муносабатда бўлаётганини кўриб турибман. Айниқса, тез тиббий ёрдам шифокорлари қийин аҳволда. Ҳар куни шифокорлар дўппосланади, зўравонлар эса жазосиз қолаверади.

Менга жуда алам қилади. 10 йил давомида контракт асосида катта маблағ тўлаб ўқидим. Арзимас маош эвазига эрталабдан кечгача, чақириқдан-чақириққача ишлайман. Ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ўз устимда ишлайман. Бунинг ҳаммаси учун “миннатдорчилик” сифатида мана шу жароҳатларни олдим. Ишлаш ҳаётимиз ва соғлиғимиз учун хавфли бўлиб қолди”, дейди шифокор Ж.Хўжаев.

"Афсуски, вазирлигимиз жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш, аниқлаш ва жазолаш ваколатига эга эмас. Фактларга эътибор беринг: сўнгги 1 йил 9 ой ичида мамлакатимизда биргина шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими ходимларига нисбатан 100 дан ортиқ ҳолатда тажовузлар қайд этилган. Уларнинг кўпида томонлар кечирим сўраш билан келиштирилган. Лекин баъзи ҳолатларда умуман ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмаган. Кўпинча шифокорларга бўлаётган тажовуз, суиқасд ҳолатларига бевосита вазирликнинг мурожаати билан ҳуқуқий чора кўрилаётганини қандай баҳолаш мумкин?", дейилган ССВ хабарида.