Маданият ва санъат ходимлари эътироф этилди
Вилоятда маданият ва санъатни ривожлантириш, маънавий бойликни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол ижодкорларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, вилоятимиз халқаро миқёсдаги йирик тадбирларга мезбонлик қилаётгани, ўтказилаётган фестиваль, форум ва анжуманларда самарқандлик ижодкорларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этди. Шунингдек, маҳаллий санъаткорларнинг халқаро майдондаги иштироки йил сайин ортиб бораётгани, бу эса вилоятнинг маданий салоҳияти ва нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Кейинги йилларда маданият ва санъат соҳасига эътибор ошди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров. – Жумладан, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ёш санъаткорларнинг истеъдодини намойиш этиши учун янги лойиҳалар ташкил этилди, Маданият ва санъат ходимлари куни белгиланди. Шу билан бирга, ҳудудларда маданият марказлари ва санъат мактаблари фаолияти такомиллаштирилиб, замонавий инфратузилма яратилмоқда. Бу эса миллий маданиятимизни янги босқичга олиб чиқиб, ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишини оширмоқда ва иқтидорини рўёбга чиқаришига имкониятлар очмоқда.