Маҳалла оқсоқоли ким? У фуқарога таҳдид қилиши, қўрқитиши, ҳақорат қилиши мумкинми?

Иллюстратив фото

Ушбу мурожаат асосида умумфойдаланишдаги ернинг эгаллаб олиниши, Г.Каримованинг эшиги қайси асосда айнан қўшни томонидан беркитиб ташланилиши ўрганилмоқда. Аммо бу ерда бир ҳолат борки, аввал уни ҳал қилмасдан, афтидан, муаммоларга ечим топиб бўлмайди.

Гап маҳалла фуқаролар йиғинининг фуқарога муносабати ҳақида. Замон ўзгаряпти, маҳалланинг асосий вазифаси кам таъминланганларга нафақа ёзиб бериш ёки яшаш тўғрисида маълумотнома тақдим этиш эмаслигини ҳозир кўпчилик тушуниб етган. Икки қўшни ўртасидаги жанжал маҳалланинг ўзида ҳал бўлмасдан ташқарига чиқиб кетишини ўзига уят деб биладиган оқсоқоллар кўп ҳозир. Худди шу сабабдан ҳам Г.Каримованинг мурожаатини жойида ўрганар эканмиз, аввал маҳаллага айтиб кўрдингизми, қўшнингизни инсофга чақиришмадими, деган саволларни бердик. Чунки, ҳозирча муаммо газак олган эмас, маҳалла фаоллари билан ҳам келишиб ҳал этиш мумкин. Аммо билдикки, мурожаатлар фойдасиз, фуқаронинг ҳатто туман ҳокимлигига ёзган мурожаатидан сўнг ҳам биров келиб масалани муҳокама қилмаган. Аксинча, туман ҳокимлигидан фуқарога келган жавоб хатида “Судга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз”, дейилган. Тўғри, суд масалага ойдинлик киритади аммо қўшнилар ўртасидаги адоват шу билан қиёматгача ҳам давом этиши муқаррар-ку.

Хуллас, маҳалла оқсоқоли О.Тўраевга фуқаро билан биргаликда ўзимиз мурожаат қилдик. Бироқ раиснинг гапларидан ҳафсаламиз пир бўлди. Ижодий жамоамиз гувоҳлигида раиснинг фуқарога “Икки дунёда ҳам ололмайсан, биласанми шуни”, дея жаҳл билан ҳукм чиқариши, “Мен сени ўзим судга бераман, 200 та одамни йиғиб, Равонакка чиқаман...” каби таҳдидлари, очиғи, бизни ҳайратда қолдирди. Суҳбатнинг бошидан сўнгига қадар маҳалла оқсоқолидек одам аёл кишига қўпол, беписандларча, сенлаб муомала қилиши, унинг фаросатига шубҳа билдиришини ҳазм қилолмадик. Чунки гап ҳозир наинки оқсоқол, ҳокиму вазирлар ҳам халқ олдида ўзини хизматкор деб биладиган замон ҳақида кетяпти.

Наҳотки маҳалла оқсоқолининг фуқарога муомаласи, муносабати, ҳурмати шу тарзда намоён бўлиши керак. Айтганча, гап ҳали икки қўшни ўртасидаги муаммонинг ечими эмас, оқсоқолнинг фуқаро билан муомаласи ҳақида кетяпти. Ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳар бир қарорни машварат орқали чиқараётган бир пайтда маҳалла оқсоқолининг «ҳукм»идан нимани англаш мумкин? Туман ҳокимлиги, архитектура, туман ер ресурслари ва кадастрининг муаммони ўрганиб чиқиб, ҳал этишларига умид қиламиз.

Анвар АҲМАДХОНОВ.