Маҳалладаги сайёр суд мажлисида 10 нафар шахс қамоқдан озод қилинди

Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитовнинг бу галги сайёр қабули Самарқанд шаҳар “Боғисарой” маҳалласида бўлди.

Шаҳардаги Президент Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қабулда 50 нафарга яқин шахснинг мурожаати тингланди. Мурожаатларнинг асосий қисмини алимент, никоҳ, уй-жой, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар ташкил этди. Ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганиб чиқилди ва қонун доирасида ижобий ҳал қилинди.

Шунингдек, қабулда содир қилган жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган маҳкумлар қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги, жазодан тегишли хулоса чиқарганлигини айтиб, жазони енгиллаштиришни, озод этишни сўраб мурожаат қилди.

Шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, ҳар бир ҳолат алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди. Жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган 10 нафар шахс тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан қамоқдан озод қилинди.

Бундан ташқари, 13 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра, 26 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 11-бандига асосан жавобгарликдан озод қилинди. Бир нафар шахс ярашганлиги муносабати билан унинг жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.