Маҳаллаларда IT йўнанишига қизиққан ёшлар қай тартибда соҳага олиб кирилмоқда?
Президентнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилиши белгиланган эди. Хўш, у қандай амалга ошириляпти? Ёш дастурчилар қаерда ўқитилади? Шу ва бошқа саволлар атрофида маълумот тўплашга ҳаракат қилдик.
Дастурга кўра, биринчи босқичда жойлардаги ёшлар етакчилари маҳаллаларда ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшларни аниқлаб, уларни IT ва хорижий тилларни ўқишга йўналтириши керак. Ўқишни тугатиб, тегишли сертификатларни олган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтирилиб, ишга жойлаштиришда кўмаклашилади.
— Ҳозиргача вилоятнинг 685 нафар ёши барча харажатлари қопланган ҳолда IT ва хорижий тиллар бўйича ўқитилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Шаҳзода Ҳамидова. – Яна 80 нафари “School 21” рақамли технологиялар мактабига ўқишга кирган. Бундан ташқари, кўплаб ёшларимиз “Келажак касблари” лойиҳаси, “Ибрат фарзандлари” платформаларида таълим оляпти. Бир сўз билан айтганда, дастур ижроси бўйича ишлар бошланган ва натижа ҳам узоқ куттириб қўймайди.
— Маҳалла ёшлари ўртасида биринчи бор сўров ўтказганимда 5 нафари IT йўналишида ўқиш истагини билдирди, - дейди Тойлоқ туманидаги Чароғбон маҳалласи ёшлар етакчиси Муроджон Фармонов. – Кейин улар учун яхши ўқув марказини қидира бошладим. Самарқанд шаҳрида очилган “School 21” мактабида бўлиб, тажриба тариқасида ўзим ҳам унда бир ҳафтача ўқидим. Шароит ва ўқитиш технологияси маъқул келгач, ёшларимни олиб келдим. Ҳозир уларнинг 4 нафари мактаб шу ерда ўқимоқда. Кейинги қабул учун яна 3 нафар номзодим бор.
“School 21” рақамли технологиялар мактабида бўлдик. Мактаб нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларнинг ҳам 18 ёшдан ошган барча ёшларига бепул IT касбга эга бўлиш имкониятини берар экан.
Марказда “Тенгга-тенг” методологияси қўлланилади. Яъни, унда дарслар ва маърузалар бўлмайди. Билим жамоа бўлиб ишлаш, олинган билимларни бошқалар билан бўлишиш ва амалий тажрибалар асосида олинади. Ундаги ўқишни бошқа таълим муассасаларидаги ўқиш ёки иш билан уйғун олиб бориш мумкин. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мактаб йилига 365 кун, ҳафтасига 7 кун 24 соат давомида ишлайди. Ўқувчи ўзига қулай вақтда ўқишга келиши мумкин. Узоқ ҳудудлардан келганлар учун эса ётоқхона бор.
— Мен энди 11-синфга ўтдим, машғулотларга дарсдан кейин қатнашаман, - дейди Каттақўрғон туманининг Омонкалхат маҳалласидан келган Шаҳбоз Салимов. – Бу мактабни маҳалламиздаги ёшлар етакчиси маслаҳат берган. Бошида осон бўлмади, лекин мақсадимга эришиш учун бу қийинчиликдан ўтишим керак. Барча ҳаракатимиз амалиёт билан боғлиқлиги сабабли янги билимларни тез ўзлаштиряпмиз.
Ёшларнинг мазкур соҳага қизиқтириши ошириш, келажак касбларига йўналтириш мақсадида жойларда мазкур мактаб ва бошқа IT марказлари мутахассислари иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Агар сизда ҳам IT мутахассиси бўлиш орзуси бўлса, маҳаллангиздаги ёшлар етакчиси билан учрашинг.
Асқар БАРОТОВ.