Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Халойиқни уламолар ислоҳ этар”

Халқни уйғотувчи яна бир йўл аждодларни ёд этиш, уларнинг амалга оширган ишларини эслаш, таъкидлашдир. Беҳбудий бу усулдан ҳам жуда унумли фойдаланган. Аввалги бўлимлардан бирида адибнинг “Мунтахаби жуғрофияи умумий” китоби фикр юритгандик.

Дарсликдаги учинчи бўлим “Туркистон донишмандлари” деб номланган. Бунда ота-боларимизнинг қандай инсон бўлганликлари хусусида сўз боради: “Ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилғон мусулмон уламо ва ҳукамолари ниҳоятда кўпдир. Инчунин, Туркистон музофотиға ушбу шаръий ва ақлий илмларға китоб тасниф қилган ниҳоят машҳур уламоларни адади неча юздин ўтадур. Бу китобимиз ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилғон ниҳоят машҳур Туркистон уламо ва ҳукамо ва муаррих, мусаннифларни мунда ёзармизки, ушбудур. Агарда ақлий ва нақлий илмларға китоб тасниф қилғон “Туркистон уламолари” ҳаммаси аҳволи ва таснифотини ёзмоқ лозим бўлса, ушбу китобимиздин ҳам каттароқ китоб тайёрламоқ керак бўлади.

Шайхурраъис Ибн Сино Абу Али — луғат, мантиқ, жуғрофия, мусиқа, ахлоқ, кимё, табиъат, мувофиқ ал-табиъат, ҳикмат, тиб, нужум, илми табобат, юздин зиёд китоб тасниф қилгандурки, мусулмон ҳукамоларининг аввалидур. Аксар китоби Оврупо тиллариға таржима бўлғон ва фарангийлар “Овисен” атайдурлар. Вафоти 428 санағадур” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Мунтахаби жуғрофияи умумий. Самарқанд: Демуров, 1906. 105-бет).

Абу Наср Форобий ҳақида эса қуйидагича изоҳни ўқишимиз мумкин: “Абу Наср Форобий замонидаки барча тилларни билар эканки, “Қонун” деган асбобни ижод қилиб экан. Барча тасниф қилган китоблари 70 қадар — илми тавҳид, фиқҳ, мусиқий, риёзий, ҳайъат, мантиқ, ҳикмат илмлариға таснифоти бор. Вафоти 339 санағадур”. Шу тариқа, Беҳбудий Туркистон заминида яшаб ўтган Хўжа Фахриддин, Баҳриддин Самарқандий, Абдураҳмон Хоразмий, Абу Иброҳим Кўрагоний, Шариф Хоразмий, Абу Жаъфар Хоразмий, Муҳаммад Чағминий, Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Али Қушчи Самарқандий, Мирзо Улуғбек — Кўрагоний Самарқандий, Муҳаммад Хўжандий, Абу Райҳон Хоразмий, Абу Саъид Сомоний каби йигирма тўққиз олим ва улар қолдирган илмий асарларнинг номларини санайди.

Шунингдек, Беҳбудий “Самарқанд” газетасининг ва кейинчалик “Ойина” мажалласининг илк сонларини донишмандлар ва уларнинғ асарларига бежиз бахшида қилмаган эди. Шундай донишмандлардан бири улуғ олим Мирзо Улуғбекдир.

Ўтмишда боболарининг диди, илми, қудратини ухлаб ётган халққа намуна қилиб кўрсатиш учун “Ойина” мажалласининг биринчи саҳифасида “Шердор” мадрасасининг сурати берилган. Шердор мадрасасининг не чоғли рамзий маънода берилганлиги ҳар бир маърифатли инсонга маълум. Унинг рамзий маънода берилганлигига яна бир далил, муқова бошқача усулда босилган. Журналнинг ички саҳифаларида мадрасанинг тарихи ҳикоя қилинади. Тарихни қўзғаш, боболарни эслаш ўшандай илмни, мустақилликни қўмсаш эмасми? Ҳозир жуда кўп тараққийпарварлар шу мавзуни тилга олишяпти. Жумладан, Хайриддин Султон айтади: “Тақдирнинг ҳал қилувчи даврларида ҳар бир миллат, ҳар бир халқ тарих сари юз тутиб, ўтмишидан маънавий таянчлар ахтаради. Айни шу паллада тарихий сабоқ туйғусига эҳтиёж айниқса кучаяди ва шу миллат ва шу халқ келажаги учун беқиёс аҳамият касб этади”.

Беҳбудий, бундан ташқари, Улуғбек расадхонаси ва кўплаб тарихий ҳақиқатлар баён қилинган мақолалар ёзиб, халқнинг уйғонувига руҳ бериб турди. Адиб келажак авлодни тарбиялаш билан бирга миллатнинг уламоларига ҳам эътиборини қаратди. Уларни миллат равнақи йўлида хизмат қилишга чорлади. Беҳбудий “ТВГ”нинг 1912 йил 12 февраль сонида каттагина “Оҳ ва ҳасрат” сарлавҳали мақоласи билан чиқди. У асосан Туркистон уламоларига мурожаат тариқасида ёзилган мақоладир. Мақола одатдагидек залворли ва ўгитли сўзлар билан бошланади: “Ҳар кимға маълумдирки, халойиқни уламо ислоҳ этарлар. Таълими дин ва ахлоқға уламо мутасаддидур. Они учун уламони ворисаи анбиё дерлар”.

Беҳбудий уламонинг аҳоли маърифатини оширишдаги фаолиятсизликларини таҳлил қилади. Хулоса нақадар маҳзун бўлмасин, унга қўшилмай иложимиз йўқ. Чунки у миллат манфаати деб куйинади: “Ҳар кимга маълумдурки, бизни — Туркистон мусулмонларини юздан 99и бутун илмсиздур. Қишлоқ ва саҳроларнинг аҳволи мундин ҳам ёмонроқ, мингдан бири, эҳтимолки, илми масоили шаръия билса. Ҳолбуки, буларнинг ҳаммасига илм фарз эди. Ва буларнинг аксарул аксари тўрт-беш, ун саналар ила умрини мактабға уткўриб эди ва аксари ҳар куни масжидға кетар. Бовужуд шул на учун аҳоли бу қадар илмсиз, бу даражада қоҳил (танбал, бўш — Ҳ.С.) ва бу даражада ахлоқсиздур. Албатта, мунинг сабаби аларға яхши таълим бермаслик ва аларга лозим ва муҳим ишлардин баён қилмасликдур”.

Маърифатсиз халқни не аҳволга солишларини у мисоллари билан ёзади. Бунинг асосий сабабчилари юртнинг олимларидур, деган хулосага келади: “Букун кўчадин ўтардим. Бир мусулмонни иймон ва ё оғўз ва ё отасини руҳига ва ё қабрина сўкдики, мени бутун вужудим титради. Ва у сўкулган мусулмон ҳам дини ҳақоратни анга қайтарди ва иккисида азоби жаҳаннамга лойиқ бўлди. Иккисида ҳайвондин бадтар бадхулқ эмиш. Ота-она ва устоди аларга яхши таълим бермабдур. Аларга ёшлик замонидаги муаллимлари ахлоқи ва одоби исломийяни таълим бермабдурки, мундай ёмон сўзлар алардин зоҳир бўлур. Наъўзубиллоҳ, бу ёмон сўзлар инсонни иймондин ажратур ва иймондин ажралмоқға ким рози бўлур. Иймон Худонинг латиф инояти ва ҳидоятидур, қабри беҳишт ва ё дўзахни руҳи бар ва дарчасидур. Руҳ Худонинг амридур. Бас, боқингки, у икки нобакор нимани ҳақорат қилди ва на жазоға лойиқ бўлди”.

Публицист иймоннинг сустлиги ҳақида гапириб, бунда асосий айб ўзимизда, яъни имом, қози, муфти ва мударрисларда, дейди. Шунингдек, исломий тарбиянинг йўқлиги, ўқитмаслик, тушунтирмаслик жамиятда ўғрилик, қотилликларнинг кўпайишига сабаб бўлишини ёзади. Осмонга қараб “Олма пиш, оғзимга туш”, деб ёки “Ҳаммаси Худодан”, деб ётавериш ҳеч натижа бермаслигини айтади: “Халойиқни ҳеч ким гўрдин чиқиб ислоҳ этмас. Уламо, мактаб ва мадраса аҳли муни ўйламайдур. Насоро маъбудалариға ваъз бор, аммо бизни муқаддас масжидларда йўқ”.

Беҳбудийнинг маҳорати “Оҳ ва ҳасрат” мақоласида ҳам яққол намоён бўлган. Одамлар ҳаётини синчков нигоҳ билан кузатган публицист ҳаётнинг барча жабҳалари ҳақида теран фикрлайди, бўлиб ўтган нохуш воқеаларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади. Ушбу мақола охирида бир воқеани тасвирлайдики, ундан мақоланинг моҳиятини англаса бўлади. Воқеа шундан иборатки, одамлар елкаларида тобут бўла туриб, улар орасидаги бир-икки ёш йигитлар ўзаро гаплашиб, кулишиб кетаётганларини, ўлим бор жойда охират ҳақида ўйланишини куйиниб тасвирлайди. Тобут кўтарган йигитларнинг кулгиси ҳамда ортда сукутда келаётган мўйсафидларнинг аҳволини шундай тасвирлайдики, бунда бутун бир миллатнинг маънавий таназзулини тасаввур қилиш мумкин. Боши эгик мўйсафидлар мана шу авлодни тарбияламаганмиди? Бундан қандай хулоса чиқармоқ керак? Беҳбудий танлайдиган фактлар, ҳолатлар шундай таъсирлики, унинг замиридаги маънони уқиб, хаёлга ботасиз, фикрлайсиз, маъноли ўгит оласиз.

“Эҳтиёжи миллат” мақоласи ҳам ҳануз танбаллик қобиғидан чиқа олмаётган миллатнинг бошчилари — зиёлиларига бағишланган бўлиб, ҳуқуқий, тарбиявий, маърифий аҳамиятга эгадир. Бу мақола Туркистоннинг мустамлака аҳволига тушганлигининг 50 йиллигига бағишлаб ёзилган.

Албатта, Беҳбудий “мустамлакачиликнинг 50 йиллигига бағишланади”, деб ёза олмасди. Лекин мақолани фикрлаб таҳлил қиларканмиз, муаллифнинг бу мақсадини сезишимиз мумкин.

Беҳбудий Дукчи Эшон бошчилигидаги ғалаён ва унинг натижалари билан таниш эди. Ғалаёнчиларнинг қилич, ўроқ ва паншахалар билан қуролланиб, тўпу милтиқли чор аскарларига қарши курашга чиқишлари не аҳволда тугаганлигининг гувоҳи эди.

Хўп, тўпу милтиқлар ниманинг натижасида қўлга олинган эди? Албатта, улар илм-фаннинг маҳсули сифатида намоён бўлади. Демак, у “замона илм-фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларға поймол булур”, деганда юқоридаги фикрни ҳам назарда тутганди. Шунинг учун ушбу фикрдан сўнг “50 йиллик” асорат ҳақида ёзади: “50 сана муқаддамки замонда биз туркистонийлар якка ва танҳо яшаб бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон устиға қонун ва Оврупо одатиға итоат қилмоқға мажбурмиз”.

Беҳбудий мустабид давлатнинг туркистонийлар ҳокимияти тепасига келганига 50 йил бўлганлигини огоҳ этгач, асосий мавзуга кўчади: “Аммо қонун ва Оврупо одатини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва мулла, ҳокимимиз бўлсун кўб ташвиш ва зарар кўрарлар. Замони собиқда фақат шариат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдур”.

Беҳбудий реалист эди. Шунинг учун ғалаёнлар ҳақида ўйлаб мустамлакачиларга қарши жангга отланиш керак, деган хом хаёлларга берилмас, тўғрироғи, берила олмас эди. Чунки у “Руссияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмас”лигини таъкидлаган, шунинг учун ҳам реал ўйлашга ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат килар, бошқаларни ҳам шунга ундарди. Аввалги таҳлил этилган мақолада тилни ўрганишни таъкидлаган бўлса, энди қонунни ўрганмоқни тарғиб этади. Бу ҳам Беҳбудийнинг реалист инсонлигини кўрсатувчи жиҳатлардан биридир. Публицист мустабид давлатнинг барча қонунларини ўрганиб олгачгина унга қарши курашиш мумкинлигини тушунтиради. Яқин тарихга мурожаат қилсак, ўз даврининг мавжуд қонун-қоидаларини яхши ўрганган, савияси баланд фуқарога эга бўлган Болтиқбўйи давлатлари биринчи бўлиб СССРдан ажралиб кетди. Беҳбудий худди шундай билимли, шижоатли авлод тарбияси хусусида қайғурган.

Беҳбудий “Таҳсил ойи” мақоласида ана шундай авлод, уларни тарбиялаш зарурати ҳақида гапираркан, янгича таълим системаси яратиш, унда болаларимизни ўқитишни орзу қилади. Мустамлакачиларнинг таълимга эътиборини халққа кўрсатишга тиришади: “Август ва сентябр ойиндан бошлаб дунёвий мактаблар, яъни ҳукумат мактаблари ва бошқа миллат болаларининг таҳсилга бошлаганлари кўз олдимиздадур. Туркистон шаҳарларининг русий қитъаларинда эрта соат 7 дан 8 гача диққат ила қараган киши икки синф халқни кўрар. Биринчиси 7 ёшдан йигирмағача талаба ва толибонлар қўлларинда ўнлаб нусха китоб ва ҳар бири суръатлик юруш ила гуруҳ-гуруҳ мактабларға кетарлар. Булар истиқбол учун, миллат равнақи учун, фаолият истеҳсоли учун дарс олурлар ва мунинг сабаби ила дин ва дунёларини обод этарлар... бу синфларға диққат қилған киши кўрарки, бу келар замон одамлари рус, яҳудий, армани ва амсолидур”.

Журналистикада ҳам қиёслаш катта аҳамиятга эга, фақат ундан унумли фойдаланиш талаб қилинади. Беҳбудий ҳам қиёслашдан маҳорат билан фойдаланган: “Буларнинғ муқобилинда... яна бир синф халқ кўриладурки, устиларинда оғир юк, қўлларинда бел ва кетмон, рус, армани ва яҳудий мактаб болалари сониндаки, яъни мустаъбид (ҳозирланган, тайёр — Ҳ.С.) таҳсил болалари ила меҳнаткашлик, ҳаммол ва маздурлик топмоқ учун корхона ва қадоқхоналарға бориб, бир кунда йигирма тиндан бир сўмгача олмоқ учун ва тамом ўн икки соат меҳнат қилмоқ учун кўча-бакўча иш ахтарарлар, оҳ, на ямон ҳолат!”.

Ёки яна бир жойида: “... биз илмсизлик ила ушбу илм ва ҳунарлик замона аҳволиға воқиф, замона ишига ошино рус, армани, яҳудий ҳамшаҳарлар ила маишати савдо ва тирикчилик, яъни муборизаи ҳаётийя бобинда бу ҳолатимиз ила асло-асло баробар бўлолмаймиз, баробар бўлмоқ нари турсун худдорлик қилолмаймиз”.

Бу Беҳбудийнинг реалистлигига яна бир исботдир.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)