Мактаб, боғча, сув чиқариш иншооти қурилиш-таъмирлаш ишларида 1 миллиард 270 миллион сўм талон-торож қилинган

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Самарқанд вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамкорлигида вилоятда амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказилган ўрганишларда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Самарқанд туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлар ўрганилганда, пудратчи ташкилот раҳбарлари смета ҳужжатларида кўрсатилган қурилиш-монтаж ишларини амалда тўлиқ бажармасдан, маълумотларни қўшиб ёзиш орқали 726,5 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари маълум бўлди.

Бундан ташқари, ўрганишда Каттақўрғон туманидаги учта маҳаллада қурилган сув чиқариш иншоотида амалга оширилган қурилиш таъмирлаш ишларида 204,5 миллион сўм ва Самарқанд шаҳридаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотини жорий таъмирлаш жараёнида 339,1 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, ҳужжатлар белгиланган тартибда қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилинди.

Самарқанд вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси.