Мактаб ва боғчалар куз-қиш мавсумига тайёрми?

Ҳавонинг борган сари совиб бориши ижтимоий соҳа объектларида, жумладан, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида иситиш тизимидаги муаммоларни юзага чиқаради. Агар мактаблар куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрса, ўқувчилар иссиқ хоналарда таълим олишлари мумкин. Бунга эътибор берилмаса, унда юзага келадиган ҳолатни тасаввур этиш қийин эмас.

Хўш, Паст Дарғом туманидаги мактаб ва боғчаларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Қуёш панеллари ҳамда электр тежовчи қурилмалардан, иситиш тизимларидан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар қониқарлими?

Хусусан, куз-қиш мавсумига кўнгилдагидек тайёргарлик кўриш борасида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли муассасаларнинг ҳаммасида ҳам ҳолат бир хил эмас. Ҳозирда жами 130 мактабдан 128 тасига қиш мавсумида иситиш мақсадида 4194 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотлари етказиб берилган. 55 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 3 таси табиий газ билан иситилади. Қолганлари 2004 тонна кўмир билан таъминланган. 2 та мактаб ва 3 та болалар боғчасида 50 КВт қуёш панеллари ўрнатилган. Туман марказидаги 21, 27- ҳамда 1-ИДУМ тизимлари табиий газ ёрдамида иситилади. 1, 2, 50-болалар боғчаларининг қозонхонлари табиий газга мослашган. Аммо ҳудудгаз туман филиалидан қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган. 

Қатортерак маҳалласида жойлашган 17-умумтаълим мактабида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилган. Кўмир сақланадиган омбор йўқлигидан ғамланган 40 тонна кўмирнинг усти лойсувоқ қилинган. 

- Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришни бошладик, - дейди мактабнинг хўжалик ишлари бўлими мудири Гулнор Нуримова. – Ҳар бир синф ва қўшимча хоналардаги иситиш тармоқларини кўздан кечириб, синовдан ўтказиб олганмиз. Бир ой илгари кўмир ҳам олиб келиб, устини сувоқ қилдик. Шунингдек, 10 кубга яқин ўтин ҳам жамлаб қўйдик. 4 та иситиш қозонларидан 3 та янги ўрнатилди.

Икки ой илгари ўрнатилган 10 КВтлик қуёш панеллари 3 фазали электр тармоққа уланмаганлиги сабабли ишламаётгани маълум бўлди. Иситиш тизимлари синовдан ўтказилганида спорт залдаги тизими яроқсиз бўлиб қолгани аниқланди. Совуқ кунлари жисмоний тарбия дарсларини ўтаётган ўқувчиларнинг шамоллаб, касал бўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Муассаса 768 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, синфхона етишмайди. Айни вақтда давлат дастури асосида 360 ўринли янги ўқув биноси қурилиши якунига етказилмоқда.

- Янги биномизнинг қурилиш ишлари якунланмагани сабаб дарсларни икки сменада ташкил этяпмиз, - дейди мактаб директори Шермат Умаров. – Вақтинчалик эски бинодан ҳам фойдаланяпмиз. Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида барча қулайликларга эга янги биномиз  фойдаланишга топширилади. Унгача спорт залнинг иситиш тизимини ҳам бутунлай янгилаб олишга имкониятимиз бор.

Кўп йиллардан буён тумандаги 6-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчилар сони кўплиги сабабли синфхоналар етишмасди. Жорий йилда давлат дастури асосида таълим маскани учун яна 300 ўринли қўшимча бино ва янги спорт зали қурилмоқда. Қурилиш лойиҳаси асосида қўшимча 4 та иситиш қозони ва замонавий тизимлар ўрнатилмоқда.  Мавсум учун 50 тонна кўмир сақланмоқда.        

2019 йилда Меҳнат маҳалласида жойлашган собиқ маиший хизмат кўрсатиш коллежи биноси мослаштирилиб, 320 нафарга яқин ўқувчига мўлжалланган 65-умумтаълим мактаби ташкил этилди. Бугун ўқувчилар фойдаланаётган барча ўқув кўргазмалари ва жиҳозлар, иситиш тармоқлари ҳам коллеж давридан қолган.

Ёзги таътил вақтида таъмирлаш ишлари олиб борилганига қарамай, аҳвол қониқарли эмас. Қозонхоналарда усталарнинг асбоб-анжомлари сақланмоқда. Печлар ва уларнинг дудбурон қувурлари занглаб кетган. Кўмирхона томининг шиферлари синган, очилиб ётибди. Не-не умидлар билан олиб келинган кўмирнинг “бир қисми сиғмай қолди”, деган баҳона билан ташқарига тўкилиб усти сувоқ қилинган. Бино йўлакларидаги иситиш батареялари тармоқдан узилган. Айрим синфхоналар кўнгилдагидек таъмирдан чиқарилмаганлиги кўриниб, турибди. Спорт зали, кийиниш ва ювиниш хоналарида тизим йўқлиги сабабли қишда умуман иситилмайди. Суҳбат чоғида муассаса директори Д.Жабборовадан ушбу камчиликлар ҳақида сўраганимизда бу муаммолар тез орада бартараф этилишини таъкидлади.

Ўрганишларимизни давом эттириб, Санчиқул маҳалласидаги 123-умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишдик.

Қозонхона ўрнатилган, печлар ва иситиш тизими синовдан ўтказилибди. 

-  Иккита неварам шу мактабда ўқийди, - дейди Рустам бобо. - 3-4 йил илгари қишнинг қаҳратон совуқ кунлари иситиш тармоғида қолган сув музлаб, тизимнинг анча қисми ёрилиб кетган эди. Ўшанда нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам жуда азоб чекишган. Ҳар бир иситиш батареясининг остига тоғорага ўтин ёқишиб, музларни эритиб олишганди. Энди унақа ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди.

Мактаб хўжалик ишлари мудири Г.Остонова “30 тонна кўмир олганмиз” деган бўлса-да, кўмирхона эшиги қулфлигидан ичкарида қанча кўмир борлигини билолмадик. Қозонхонадаги электр симлари очиқ ҳолда осилиб ётганини кўриб, ичкарига кириб ҳам ўтирмадик. Айрим синфхоналарнинг полида ёриқлар бор. Мактабда фаоллар зали йўқ. Спорт залининг иситиш тизимлари қайта таъмирланяпти.

Меҳнат маҳалласидаги 64-ДМТТ ҳам эски, бир вақтлар хўжалик маъмурияти, кейинчалик мактаб бўлган бинода жойлашган. Маҳалланинг юздан зиёд болажонлари тарбияланаётган боғчанинг ҳудуди 3 гектар майдонни ташкил этади. Бироқ муассасага дарвоза ўрнатилмаган, атрофи эса ўралмаганлигидан хоҳлаган киши чор-атрофдан кириб келиши мумкин. Тўртта иситиш қозони ўрнатилган.

Боғча мудираси Дилбар Ёрқулованинг айтишича, яқин кунларгача “буржуйка” печкаларидан фойдаланишган. Совуқ кунлари эшик ва дераза ромларини “пленка” билан ёпиб жон сақлашган экан. Яқинда ҳомийлар ёрдамида 16 та эшик ва 33 та замонавий дераза ромлари келтириб ўрнатишибди. Боғча томига 5 КВтлик қуёш батареялари ўрнатилган. Жорий йил 44 тонна кўмир олиб келинган.

19-ДМТТда ҳам мавсумга тайёргарлик кўрилган. 150 нафар тарбияланувчиси бўлган болалар боғчаси 2022 йилда табиий газдан узилиб, локал иситиш тизимларига ўтказилган. 2 та қозонхона ва 3 та иситиш печлари ўрнатилган муассасада 35 тонна кўмир ғамлаб қўйилган. Бироқ кўмир сақланиши талаб даражасида эмас. Чунки кўмирнинг усти сувалиб, томи ёпиқ бўлса-да, атрофи ўралмаган, ҳамма ёғи очиқ-сочиқ ҳолда сақланмоқда.              

Камчиликларни бартараф этиш учун ҳали вақт бор. Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар бу масалага жиддий ёндашиб, совуқ кунлар келгунича барча ўқув-тарбия муассасаларида талаб даражасидаги шароитларни яратишади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат),

“Зарафшон” мухбирлари.