Мактаблар рeйтинги: 7-ўрин натижа эмас, тизимда муаммолар талай, уларга барҳам бериш шарт

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаблар рейтингини аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва ўтказилган тадқиқотлар натижалари эълон қилинди.

Вилоят халқ таълими бошқармасида zoom платформаси орқали ушбу натижаларнинг вилоятдаги аҳволи таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи  Ғ.Бобохолов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Султонов иштирок этди.

Самарқанд вилояти мактаблар рейтингида уч поғона юқорилаб, 10-ўриндан 7-ўринни банд этган. Вилоятдаги 16 та туман (шаҳар)лар орасида юқори учталикни эгаллаган Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи ва Оқдарё туманлари ҳамда вилоятда энг охирги ўринларда бўлган Иштихон, Каттақўрғон ва Паст Дарғом туманлари халқ таълими бўлимларининг иш фаолияти таҳлил қилинди.

Таҳлил натижалари бўйича охирги ўринларда бўлган халқ таълими бўлимлари ҳамда мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Рейтингда юқори натижа кўрсатган мактабларнинг иш тажрибасини оммалаштириш, биринчи ўринни эгаллаган умумтаълим муассасалари директорларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.