Мактаблар таъмири ҳамда эксплуатациясига ажратиладиган маблағлар етарли(ми?)
Қатор ОАВларда умумтаълим муассасалари таъмирига етарли маблағ ажратилиши, шунга қарамай ота-оналар қўмитаси томонидан мактабга ёрдам бериш учун пул йиғилиши нотўғри эканлиги мазмунида мақолалар эълон этилди. Шу муносабат билан мактаб харажатлари бўйича сметаларини очиқ эълон этиб бориш бўйича иш бошланди.
Асосийси, мактаб Кузатув кенгаши аъзолари ушбу сметаларда кўрсатилган маблағларнинг қанчалиги ва нима учун сарфланишини яхши тушуниб олиши керак. Шундагина ҳақиқий ҳолатга адолатли баҳо берилади.
Таъкидлаш жоизки, умумтаълим муассасаларини молиялаштириш мамлакатимиз қонунчилиги доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак. Ҳар бир мактаб йил давомида тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида маблағ олади. Мазкур маблағнинг асосий қисми мактаб ходимларининг ойлик иш ҳақи ва у билан боғлиқ тўловларига йўналтирилади. Маблағнинг қолган қисми эса коммунал ҳамда алоқа (телефон, интернет) учун тўловлар, мактабни жорий таъмирлаш (ремонт) учун, қоғоз, канцелярия ва хўжалик моллари, компьютер техникалари, китоблар хариди ва бошқа турли тегишли харажатларга ажратилади, бу каби харажатлар – Бошқа харажатлар деб номланади.
Мактаб учун зарур бўлган қурилиш материаллари сметанинг “товар-моддий захиралар” бандида ажратилган маблағдан олиниши мумкин, шунингдек ушбу банд доирасидаги маблағлардан канцелярия ва хўжалик моллари ҳам олинади.
Мисол учун, Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги мактабларни олсак, товар-моддий захиралар учун 2 млн.дан 11 млн. сўмгача маблағ ажратилган, шу билан бирга умуман бу мақсадларга пул ажратилмаган мактаблар ҳам мавжуд.
Мактабларга бюджетдан етарлича маблағ ажратилган, деб таъкидлаётганлар учун смета харажатларини соддароқ кўрсатадиган бўлсак, бюджетдан мактаб учун қурилиш материаллари (краска, эмульсия, шпатлевка ва ҳ.к.), канцелярия ва хўжалик молларини харид қилиш учун Олмалиқ шаҳридаги бир ўқувчига йилига ўртача 4 минг сўм, ойига 348 сўм тўғри келар экан. Бир синфда ўртача 35 та ўқувчи бўлса, ойига 12 минг сўмга қанчалик синфни таъмирлаб, керакли жиҳоз ва товарларни харид қилса бўлади?
Бир ўқувчига ўртача қоғоз учун йилига 494 сўм, ойига – 41 сўм ажратилар экан, яъни бир синфга йилига 15 минг сўм, ойига эса 1 200 сўм тўғри келаркан. Бу суммага қанча (ҳозирда бир пачка қоғозни ўртача нархи 32 минг сўм) пачка қоғоз харид қилса бўлади? Мазкур ажратилган маблағ нафақат таълим, балки мактаб маъмурияти ишини ташкил этишга етармикин?
Шу билан бирга, мактабнинг жорий таъмирлаш ишлари (куз-қиш мавсумига мактабни тайёрлаш)га ҳам маблағ ажратилади. Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактаблар учун 765 млн. сўм ажратилган, лекин 320 млн. сўм маблағ “Обод қишлоқ, обод маҳалла” дастурига йўналтирилган. Шунда қолган 445 млн. сўм маблағни таҳлил қилсак, бир ўқувчига ўртача йилига 18 минг сўм, ойига – 1,5 минг сўм ажратилар экан. Яъни, бир синфга ўртача йилига 575 минг сўм, ойига эса 47 минг сўм тўғри келади.
Лекин Олмалиқ шаҳри 445 млн. сўмнинг ҳаммасини (мажбур) фақат битта мактабга ажратган. Бунга шаҳардаги 15-мактабнинг томидан чакки ўтгани, иситиш тизими умуман ишламаслиги ва таълим-тарбия жараёнини аянчли аҳвол ҳолатга келгани сабаб бўлган. Олмалиқ шаҳри мактабларига жами бюджетдан ажратилган маблағлардан 95,5 фоизи ходимларнинг иш ҳақи ва у билан боғлиқ харажатларнинг 2 фоизи – коммунал ва қолган 2,5 фоизи эса бошқа (жорий таъмирлаш, канцелярия ва хўжалик молларини харид қилиш, қоғоз, кутубхона фонди, телефон ва интернет харажатлари, жиҳозлаш ва ҳ.қ.) харажатларни ташкил этади.
Ажратилган маблағни мактаб маъмурияти муассасаларни жорий таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда муассасани янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларига сарфлашлари лозим. Албатта, бу маблағлар мактабларни тўлиқ ва сифатли таъмирлашга етарли эмас. Шу туфайли мактаб раҳбарияти йиллар давомида пул йиғишга мажбур бўлган.
Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур ҳолатни бартараф этиш учун мактаблар тизимини молиялаштириш ва қўшимча маблағ топиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мактабларда “ваучер” тизимини (бола бошига молиялаштириш) жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу тизимга асосан мактабларга ўқувчилар сонига қараб бюджетдан маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Республика бўйича бюджет маблағлари адолатли ва шаффоф тақсимланиб, бюджетдан ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Шу билан бирга, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун пуллик хизмат (бўш жойларни ижарага бериш, пуллик тўгарак)лар ташкил этиш имкониятлари яратилади. Мактабларга қўшимча маблағ топган ҳолда ходимларни рағбатлантириш ва мактабнинг моддий-техника базасини яхшилаш имкони берилди.
Мактабларга қўшимча маблағ топишнинг яна бир йўли ҳомийларни жалб этишдир. Ҳомийлар турли корхоналар, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин.
Ҳомийлик ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим. Яъни, пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва ҳомийлар маблағларни сарфланиши бўйича маълумотни олишлари учун шароит яратилиши керак.
Бюджетдан ва қўшимча ишлаб топилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфланиши назоратида мактабларда ташкил этилган Кузатув кенгашлари ва ота-оналарнинг ўрни катта. Ота-оналар Кузатув кенгаши орқали маблағларнинг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда кўмак беришлари лозим.
Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати.