Мактаблар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилди

Умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлиги даражаси шу муассасани битираётган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши, касб-ҳунар танлаб, жамиятда ўз ўрнини топа олиши билан намоён бўлади.

Ўтган ўқув йиллар давомида вилоятимиздаги умумтаълим муассасалари битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичлари республикада энг қуйи натижани қайд этганди. Ушбу муаммонинг тизимли равишда бартараф этилиши бўйича халқ таълими бошқармаси томонидан вилоят мактаблари битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичларига кўра “яшил”, “сариқ” ва “қизил” мактаб тоифаларига ажратилди.

Бунда:

- мактаб битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичи 30 фоиздан юқори бўлгани “яшил”;

- 10 фоиздан 30 фоизгача битирувчиси ОТМга қамраб олинган мактаблар “сариқ”;

- битирувчиси умуман кирмаган ва 10 фоизгача кирган мактаблар “қизил”

 тоифадаги муассасалар қаторига киритилди.

Мазкур кўрсаткичлар орқали “сариқ” ва “қизил” тоифадаги мактабларда таълим сифати ва самарадорлиги оширилишига алоҳида эътибор қаратилади. Эътиборлиси, “қизил мактаб” тоифасига киритилган (бирорта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган ва 10 фоизгача кирган) мактабларнинг директори лавозимига таълим сифати кўрсаткичлари юқори бўлган мактабларнинг амалда ишлаб турган ўринбосарлари, ёш, ташаббускор, билимли, раҳбарлик қобилиятига эга бўлган фан ўқитувчилари номзодини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида уч йиллик ривожлантириш дастурларини ҳимоя қилган ҳолда лавозимга тайинлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.