Мактабларда касб-ҳунар тўгараклари очилганми?
![](https://static.zarnews.uz/crop/5/2/720__80_5296bed2c0daa348fc3db43b8d8dcf26.jpeg?img=self&v=1739004952)
Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 24 августда вилоятимизга ташрифи чоғида Оқдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган касб-ҳунар тўгаракларини кўздан кечириб, вилоятдаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда бу тизимни жорий қилиш, қолган вилоят ҳокимларига йил якунигача ҳар бир туманда камида иккитадан мактабда ушбу тажрибани йўлга қўйиш топшириғини берган эди.
Президентининг 2024 йил 2 февралда “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам юқори синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш учун мактабларда устахоналар ташкил этиш белгиланган. Хўш, умумий ўрта таълим мактабларида касб-ҳунар ўргатиш устахоналари очилдими, ўқувчилар касб-ҳунарга ўқитиляптими? Булунғур тумани мисолида ушбу саволларга жавоб изладик.
Туманда 70 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, Президент топшириғи ва мазкур қарор ижроси бўйича мақтанарли ҳеч қандай иш қилинмаган. Фақат 2024-2025 ўқув йилининг бошида олтита мактаб касб-ҳунар ўргатишга танлаб олинган. Аммо туман ҳокимлиги томонидан касб-ҳунар устахоналари учун маблағ ажратилмаган. Мактаб директорлари тадбиркор топиб, касб-ҳунар тўгараклари очган. Ушбу мактабларнинг ҳар бирида бўлиб, бугунги ҳолат билан танишдик.
Тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида эркаклар ва аёллар сартарошхонаси учун хоналар ажратилиб, вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан сартарошхона жиҳозлари олиб келинган. Сентябрдан буён олиб келинган мазкур жиҳозлар ҳали ўрнатилмаган ва ишга туширилмаган. Директор ўринбосари Акмал Мамасолиевнинг айтишича, 52 нафар 11-синф ўқувчилари мактаб ёнида жойлашган тикувчилик ва сартарошлик билан шуғулланаётган тадбиркорларга бириктирилган. Ўқувчилар мазкур тадбиркорлардан касб ўрганяпти.
Тумандаги 36-умумий ўрта таълим мактабида 10-синфларга дастурчилик ва тикувчилик касблари ўргатиляпти. Мактаб ўтган йили Open budjet’дан мактаб жиҳозлари сотиб олиш учун 1 миллиард сўм ютиб олиб, ушбу маблағ эвазига 32 та компьютер, дазмол стол, тикувчилик асбоб-ускуналари ва бошқа жиҳозлар сотиб олган. 10 та тикув машинаси ҳам мактабники бўлиб, ўқувчи-қизларга касб ўргатиш учун тикувчи Муқаддас Усанова ишга олинган. Мактаб директори ва жамоанинг ташаббуси билан шунча иш бажарилган бўлса-да, тикувчиликни ўргатиш учун туман ҳокимлиги томонидан хомашё етказиб берилмаган.
Тумандаги 70-мактаб жамоаси 2023 йилнинг декабрида Open budjet’дан мактабни жиҳозлаш учун 1 миллиард 300 миллион сўм ютиб олиб, 15 та компьютер, 20 та ноутбук ва бошқа буюмлар сотиб олган. Бу муассасада ҳам шароитдан келиб чиқиб дастурчилик ва тикувчилик тўгараклари очилган. Тикувчиликни ўргатишга таклиф этилган якка тартибдаги тадбиркор Фотима Саидаҳматова ўзининг 5 та тикув машинасини мактабга олиб келган. Мактабнинг яна 3 та тикув машинаси бўлиб, улар ёрдамида 10-синф қизларига тикувчилик касби ўргатиляпти. Бу ерда мактабга ҳам тикувчилик учун ҳеч қандай хомашё берилмаган.
Шунингдек, 2-, 42-, 48-умумий ўрта таълим мактабларида ҳам дастурлаш ва тикувчилик касблари бўйича тўгараклар очилган. 2-мактаб Open budjet’да икки марта ғолиб бўлиб, замонавий ёзги стадион, тренажёр буюмлари, 16 та компьютер, 6 та тикув машинаси ва бошқа жиҳозларни сотиб олган. 42-мактаб Open budjet’да ғолиб чиқиб, 21 та компьютер ва 10 та тикув машинаси сотиб олган. Аммо Булунғур туманининг шароитидан келиб чиқиб, мактабларда бошқа бирор касб-ҳунар тўгараги очилмаган. Тўғрироғи, раҳбарларнинг ушбу топшириққа масъулиятсизлиги сабаб шу пайтгача бажарилиши керак бўлган ишлар ваколат доирасига кирмаса-да, мактаб директорлари зиммасига юклатилган.
Дастурлаш касби бўйича айрим мактаблар IT соҳаси бўйича мутахассисларни 0,5 штат асосида ишга олган бўлса, бошқалари информатика фани ўқитувчисининг дарслари камлиги сабаб бу ишни ўқитувчига юклаган. Тикувчилик касбини ўргатиш бўйича мактаблар асосан якка тартибда фаолият олиб борадиган тикувчиларни жалб қилган. Бироқ 5 ойдан бери уларга тикиш учун хомашё берилмаган.
Аслида юқорида келтирилган қарорга асосан, касб-ҳунарга ўқитишда талаб этиладиган зарур хомашё материалларини харид қилиш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларида қарорга асосан ўқувчиларни ишчи касбларга ва ахборот технологияларига оид замонавий касбларга ўқитиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган. Биз кўрган мактабларда эса касб-ҳунар устахоналари очишга жой бор, аммо касб ўргатиш учун бирор тадбиркорни жалб қилишга шароит қилинмаган. Масъуллар ушбу масалага совуққонлик билан қарамасдан, келажагимиз умидлари бўлган ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишига зарур шарт-шароит яратади, деган умиддамиз.
Хуршида Эрназарова.