Мактабларда ўрнатилаётган кузатув камералари учун ота-оналардан пул йиғиш мумкин эмас
Мухбиримизнинг “Бугун замон талабига мос равишда мактабларда кузатув камералари ўрнатилмоқда. Бизга мурожаат қилаётган ота-оналарнинг кўпчилиги мактабга ўрнатилаётган камера учун пул йиғилаётгани ва бунинг қанчалик қонунийлигини сўрашмоқда. Аслида камера учун маблағ қаердан ажратилиши керак”, деган саволига Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими мудири Нигора Саъдинова қуйидагича жавоб берди:
- Бу борада режали ишлар белгиланган. Жорий йилнинг ёзида “Хавфсиз шаҳар” тадбири асосида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан айрим мактабларнинг кириш жойига ҳамда кўчаларга камералар ўрнатиш ишлари амалга оширилган. Яқинда Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларга камералар ўрнатиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилган.
“Хавфсиз мактаб” деб номланган ушбу лойиҳага кўра, камералар чет эл инвестицияси ҳисобига ўрнатилиши белгиланган. Ҳозир лойиҳанинг биринчи босқичи Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Иккинчи босқичда Самарқанд шаҳри мактабларига кузатув камералари ўрнатилиши назарда тутилган. Бу лойиҳа инвесторларга боғлиқ бўлгани учун мактабларга камера ўрнатиш ишлари вақтинча тўхтаб турибди.
Шундай экан, ота-оналардан камера учун пул йиғиш ноқонунийдир. Агар бирорта таълим муассасаси ота-оналардан пул йиғаётган бўлса, биз бунга қарши чора кўришга тайёрмиз.