Мактабнинг юқори синф ўқувчиси ҳомиладор эканлиги аниқланди

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларидан бири А.Алиева (исм-шарифлари ўзгартирилган) Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасида 2020 йил январь ойида тиббий кўрикдан ўтказилганида унда ҳомиладорлик аломатлари аниқланган.

Ҳолат бўйича ўша вақтнинг ўзида туман ИИБга хабар берилган ва ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аъломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, Дўстлик туман прокуратураси томонидан Алиеванинг хомиладорлиги ҳолати юзасидан ва “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ижроси бўйича ўтказилган текшириш натижасига кўра, туман халқ таълими бўлимига киритилган тақдимномага асосан 14-умумий ўрта таълим мактабининг 4 нафар мансабдор шахсига интизомий жазо қўлланилган.

Шу билан бирга, вояга етмаган Алиева ва Одиловларнинг оналари ўз фарзандларига тарбия бермаганликлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, тарафлар ўзаро турмуш қуриш истагини билдирганликлари сабабли Оила кодекси талабларига асосан уларнинг никоҳ ёшини қисқартириш тўғрисида туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган.

Жиззах вилояти прокуратураси хабар беришича, ҳозирда шу ҳолат билан боғлиқ видеомурожаатда қайд этилган фуқаро З.Д.га ХТБ мудири маблағ таклиф қилганлиги ҳолати юзасидан Дўстлик тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.