Маъмурий суд судьялари 2020 йилда туман ва шаҳар ҳокимларининг 97 та қарорини ҳақиқий эмас деб топган

Ҳоким қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилишига "Ер кодекси"нинг 24, 36, 38-моддалари талабларига риоя қилинмаганлиги сабаб бўлган.

Вилоят ва туманлараро маъмурий суд судьялари, шаҳар, туман ҳокимликлари юристконсультлари ҳамда Кадастр агентлигининг давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.

Семинарда дастлаб вилоят маъмурий суди судьяси В.Асқаровнинг 2020 йил мобайнида аризачиларнинг ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ ишлар бўйича ахбороти тингланди.

Таъкидланишича, ўтган йил давомида судьялар ҳокимларнинг 320 та қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга оид ишларни кўриб чиқиб, аризачиларнинг талаби 97 ҳолатда қаноатлантирилган, 171 таси рад этилган, 16 та ҳолатда иш юритиш тугатилиб, 36 та иш кўрилмасдан қолдирилган. Ҳокимликларнинг ноқонуний қабул қилган қарорлари бўйича судлар томонидан 62 та ҳолатда хусусий ажримлар чиқарилган. Ҳоким қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилишига Ер кодексининг 24, 36, 38-моддалари талабларига риоя қилинмаганлиги сабаб бўлган.

Тадбирда Ер кодексига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда 2018 йил 8 январда қабул қилинган “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Шунингдек, жиноятчилик, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Акмал Алимов,

Самарқанд вилояти маъмурий суди судьяси.