“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби белгиланди
“Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида Ҳукумат қарори (897-сон, 30.10.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами арафасида топширилади.
Кўкрак нишони билан мукофотлаш Республика Маънавият ва маърифат марказининг қарори асосида амалга оширилади.
Қарор билан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, кўкрак нишони билан республикада маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.
Давлат органлари, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 июнга қадар тегишлича Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларига тақдим этади.
Марказ раҳбарининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 25 августга қадар таклифларни кўриб чиқиш бўйича ташкил этилган комиссия хулосаси асосида чиқарилади.
Маълумот учун, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони Президентнинг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4307-сон (http://lex.uz/docs/4320700) қарори билан таъсис этилган.