Марафон: Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат, ҳам саломатлик

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва турли соҳа вакиллари иштирокида “Саёҳат – зиёрат – саломатлик” шиори остида Самарқанд шаҳри бўйлаб юриш марафони ташкил этди.

Саёҳат туризмни ривожлантиришга хизмат қилади

Марафон Улуғбек расадхонасидан бошланди. Енгил бадантарбия машқларидан сўнг иштирокчилар Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Самарқанд шаҳар тарихи музейи, Ҳазрати Хизр мажмуаси, Бибихоним жоме масжиди, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси ҳамда Садриддин Айний уй-музейи йўналиши бўйлаб ҳаракатланди.
- Бу марафонни ташкил этишдан асосий мақсад туризмни ривожлантириш, - дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев. - Бу орқали Самарқанднинг қадимий қадамжоларига зиёрат ва бу табаррук масканлардаги сир-синоатни яна бир бор ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш. Шунингдек, саломатликни тиклаш ҳам мақсад қилинган ва албатта, маҳаллий сайёҳлар қамровини ошириш кўзда тутилган.

Зиёрат аждодларимизга ҳурматдир
Марафон доирасида давра суҳбати ҳам ташкил этилиб, бундай тадбирларни кўпроқ ташкил этилиши таъкидланди.

- Ушбу марафон нафақат соғлигимиз учун фойдали, балки буюк аждодларимизга ҳурматдир, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Тошпўлат Раҳматуллаев. - Марафонда 11 минг 232 қадам, яъни 8 километрдан зиёд масофа босиб ўтилди. Бу кутилмаган натижа бўлди. Чунки марафон олдидан "Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам" шиори остида ҳаракат қилишни кўзлагандик. Аммо тадбирнинг самарали ташкил этилиши мақсадимизни икки баравардан зиёд "бажариш"имизни таъминлади.

Соғлигимиз учун фойдали
Саёҳат давомида иштирокчилар янги йўналишларда ҳам шундай марафонларни ташкил қилиш кераклигини таъкидлади.
- Бундай тадбирларни ташкил этиш соғлиқ учун фойдали, - дейди Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиника ходими Офият Жалилова. - Юриш инсон танасида қон айланиш тизимни яхшилайди. Айниқса, очиқ ҳавода сайр қилиш иммунитетни кўтаради.

Саёҳат якунида иштирокчиларига касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари ва китоблар топширилди.

Фазлиддин Рўзибоев.