"Мароқанд обод": Самарқандда чиқинди тўпланиб қолмайди

Илгарироқ Хишрав қўрғонидаги чиқиндихона ҳудудида "Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш тизимини жорий этиш" лойиҳаси бошланган эди.  Мазкур ҳудудни "Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси 20 йил муддатга фойдаланишга олган бўлиб, бу ерда Франция ривожлантириш агентлигининг Осиё департаменти ва "Налдео" компания­си билан ҳамкорликда "Самарқанд шаҳрида тўпланадиган маиший чиқиндиларни утилизация қилиш тизими" қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 37,1 миллион еврони ташкил этади.

- 97 гектар ер майдонига эга бўлган ушбу ҳудуднинг 46 гектарига чиқиндини кўмиб, утилизация қилиш ва ундан метан гази ишлаб чиқариш учун "Биореактор" полигони қурилмоқда, - дейди "Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси ижрочи директори Акмал Маматов.  - Чуқурлиги 18 метр, узунлиги 300 метрни ташкил этадиган полигоннинг юқори қисми гидроизоляция қилиниб, 1,22 метр қалинликда ёпилади. Унинг устига экин экиш имконияти яратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Хишрав қўрғонидаги ушбу чиқиндихонадан 1970 йилдан буён фойдаланилади. Бугунги кунга қадар ҳудудда 4 миллион тоннадан кўпроқ чиқинди йиғилган. Бир кунда  320-360 тоннагача чиқинди чиқарилади. Лойиҳа амалга оширилгач, кунлик йиғиладиган маиший ва қаттиқ чиқиндиларнинг тўпланиб қолиш ҳолатига бутунлай барҳам берилади. Бундан ташқари, махсус чиқиндини турларга ажратиш қурилмасидан ўтказилиб, ажратилган металл, қоғоз, пластик, полиэтилен, шиша, чинни ва бошқа саноат чиқиндилари қайта ишловчи корхоналарга етказиб берилади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.