Март ойидаги ёғингарчилик мевали дарахтларга қанча зарар келтирди?

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида ҳарорат кескин пасайди ҳамда ёғингарчилик кўп кузатилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан ноқулай об-ҳаво шароитининг таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижалари маълум қилинди.

Унга кўра, совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига совуқ таъсир этмагани аниқланган.

Вилоятлар кесимида олинган маълумотлар таҳлили қуйидагича:
- ўрикнинг эртапишар навлари Андижон вилоятида 19 фоиз, Наманганда 10 фоиз ва Фарғонада 18 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Наманганда 2,4 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари Андижонда 17 фоиз, Наманганда 19 фоиз ва Фарғонада 23 фоиз;

- Жанубий ҳудудларда, хусусан, Қашқадарё вилоятида гилоснинг эртапишар навлари 9 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари 9 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари 15 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари 18 фоиз;

- ўрикнинг эртапишар навлари Бухоро вилоятида 6,7 фоиз, Жиззахда 17 фоиз, Навоийда 19 фоиз, Самарқандда 10 фоиз, Сирдарёда 17 фоиз, Тошкентда 10 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Навоийда 6,5 фоиз ва Тошкентда 2,4 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари Навоийда 8 фоиз ва Самарқандда 5 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари Сирдарёда 3 фоиз ҳосилли майдонга нисбатан зарарланган.

- Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Републикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган.