Масжитда ўғирлик қилган шахсга суд ҳукми ўқилди
Муқаддам 5 маротаба судланган қўқонлик фуқаро Шамсиддин Маматовга ўз юрти торлик қилиб қолди. Содир этган жиноий қилмишлари, айниқса, ўғирлиги уни отни қашқасидек элга танитиб қўйганди. “Шамси ўғри қамоқдан чиқибди”, деган гапдан одамлар мол-мулкига хушёрликни бир қадар оширадиган бўлишган. Балки шу боисдир “Шамси ўғри” юрт кезадиган бўлиб қолди. Сўнгги бор у жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан судланган эди...
Кейинги пайтларда Наманган аҳли ўртасида ҳам “Масжидда ўғирлик бўлибди”, деган гап-сўз тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Бундан биров ҳайратланса, биров жаҳлланарди, кимнингдир эса асло ишонгиси келмасди. Аммо бу гапда жон бор эди. Дастлаб Наманган шаҳар Марғилон кўчасида жойлашган “Маҳдуми Эшон” жоме масжидида содир бўлган ўғирликда Германия давлатида ишлаб чиқарилган 850 000 сўмлик велосипед йўқолганди. Фуқаро Исмоил Йўлдошевга тегишли бўлган велосипед пешин намози пайтида масжид ҳовлисидан ғойиб бўлган.
Роппа-роса бир ойдан сўнг шундай воқеа шаҳарнинг “Мингчинор” маҳалласида жойлашган “Абу-Юсуф” масжидида юз берди. Бу гал ўғри намозга келган фуқаро Музаффар Мамадалиевга тегишли, ичида 800 АҚШ доллорига тенг “Ayfon-X” русумли, шунингдек, 60 доллар турадиган бир дона «Samsung» русумли телефон аппаратлари, 80 доллар турадиган овоз узатгич, икки дона пластик карта, 200 АҚШ доллари ҳамда 100 000 сўм пуллари бўлган кичик сумкачани қўлга киритганди. Худди шу каби воқеа яна 5 кунгина ўтгач, “Шайх Эшон” масжидида ҳам содир бўлди. Қарангки, ўғри бу гал яна велосипед ўмаришни уддалади. Унинг баҳоси эса 1 300 000 сўмга тенг эди.
Бугун тараққиёт асрида яшаяпмиз. Шунингдек, тезкор гуруҳлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар вакиллари фаол. Ўғирлаган ашёларини ўз юрти бозорида осонгина арзон гаровга сотиб маишатини қилиб юрган Ш.Маматов бугун суд курсисида. Хавфли рецидивист, ёши 40 дан ошса-да, ақлини тополмаган бу шахснинг 1 нафар фарзанди отасининг қилмишини англайди. Гўё “Ўғирлик қилманг, дада!”, дегандай мўлтираб қарайди. Аммо ўғри ота яна билганидан қолмайди. Суд курсисида эса “Қилмишимдан пушаймонман, 1 нафар фарзандим бор, илтимос енгиллик беринглар”, дея рўкач қилади.
Суд Ш.Маматовнинг қилмишини муносиб жазо билан сийлади. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, Андижон шаҳар суди томонидан ЖКнинг 60-моддаси тартибида тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. Жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилади.
Ўксик фарзандини бағрига босган она унинг келажагидан қайғурса, беғубор бола “дадамни соғинаман... энди нима қиламан”, дея йиғи солади.
Ҳар қандай кўнгилга ғашлик солувчи бу манзарадан фарёдини ичига ютган маҳкум эса ўзини кечиролмайди. Аммо начора жиноятга жазо муқаррар бўлганидек, бу қисматни унинг ўзи танлади.
Акрамжон АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти.