Масофадан таълим олиш муаммоларини қандай ечиш мумкин?
Олий таълим муассасаларида жорий йилнинг 1 апрелидан онлайн таълим бериш тизими ишга тушди. Бироқ масофадан таълим олиш учун интернет бўлиши керак. Афсуски, олис қишлоқларда интернет алоқа тизими қониқарли ишламайди. Хўш, бундай шароитда талаба қандай қилиб дарсни ўзлаштириши, берилган топшириқларни бажариши мумкин?
Бугун Moodle LMS (http://moodle.sies.uz/) тизимида ишлаш бўйича кўплаб тушунмовчиликлар бўлмоқда. Бу ҳақда талабалар томонидан ҳар хил саволлар тушмоқда.
Шуларни ҳисобга олиб қўйидагиларни маълум қиламиз:
1. Карантин муносабати билан ўқув йили шу масофавий таълим шаклида Moodle LMS тизимида якунланади.
2. Бу тизим карантин тугаб, янги ўқув йили одатдаги ҳолда бошланган тақдирда ҳам амалда бўлади. Шунинг учун бу тизимда ишлашни ҳар бир талаба яхшилаб ўрганиб олиши зарур.
3. Ҳар бир фан бўйича талаба маъруза матни, мавзу тақдимоти, адабиётлар рўйхати, интернет сайтлар ва бошқа қўшимча материаллар орқали ўқиб-ўрганиши лозим.
4. Ҳар бир фан бўйича талаба керакли вазифаларни (амалий машғулот топшириғи, мавзу юзасидан саволлар, лаборатория топшириғи, оралиқ назорат саволларига жавоб, мустақил иш бўйича реферат ва ҳоказо) бажариб, электрон шаклда белгиланган муддат тугагунча фан ўқитувчисига жўнатади.
5. Ҳар бир фан бўйича тест саволларини (масалан, якуний назоратда) курс охирида белгиланган муддат тугагунча топширадилар.
6. Юқорида бажарилган ишлар талабанинг тегишли тартибда баҳо олишига асос бўлади.
7. Диққат қилинг! Модул тизимига кирмасдан, топшириқларнинг биронтасини бажармаган талабага баҳо қўйилмайди.
8. Интернет алоқаси мавжуд бўлмаган ҳолларда талаба интернет алоқаси мавжуд жойга бориб, ҳар бир фан юзасидан барча материалларни ва топшириқларни ўз компьютерига юклаб олади. Уйда маълум муддатда барчасини электрон шаклда бажариб тайёрлайди. Яна интернет алоқаси бор жойга бориб, бажарилган ишларни модул тизимига юклайди.
9. Курс охирида якуний тест назоратини яна интернет алоқаси мавжуд жойдан топширади.
Ўйлаймизки, бу ишлар унчалик катта муаммо туғдирмайди.
Ҳурматли талабалар! Интернет алоқаси бўйича ва масофавий таълим бўйича муаммолар вақтинча эканлигини тўғри тушунган ҳолда, барча белгиланган топшириқларни ўз вақтида топшириб, аъло баҳоларга ўқишингизни сўраймиз.
Алишер ЭРНАЗАРОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти кафедра мудири.