Масофавий таълим тизими дарс-машғулотлар сифатини пасайтирадими?
Юртимизга кириб келган коронавирус пандемияси сабаб барча таълим муассасаларига жорий йилнинг 16 мартидан вақтинча таътил берилди. Кўп ўтмай мактаб ўқувчилари учун видеодарслар тайёрланиб, телевидение орқали эфирга берила бошлади. Жорий йилнинг 1 апрелидан республикамиздаги олий таълим муассасалари ҳам онлайн ўқиш тизимига ўтди.
Аслида масофадан ўқитиш тизими ривожланган мамлакатларда аллақачон жорий этилган бўлиб, бизда ҳам айрим институтлар ушбу тизимга ўтган ёки босқичма-босқич ўтаётганди. Масалан, Самарқанд давлат тиббиёт институти 2013 йилдан бошлаб таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнига илғор ахборот технологияларни жорий қилиш мақсадида республика олий таълим муассасалари орасида биринчи бўлиб ўқув жараёнида кредит-модул тизими ва электрон ўқитиш тизимини (moodle.sammi.uz) ишга туширганди.
Карантин сабаб барча ўқув муассасалари масофадан таълим бериш тизимини жорий этди. Эндиликда мактаб ўқувчиларидан тортиб олий таълим муассасалари талабалари ҳам масофадан ўқитиш тизимига жалб қилинди.
Бугун юртимизда дарс-машғулотлар, топшириқ ва вазифалар интернет орқали масофадан берилмоқда. Ўқувчи ва талабалар ҳам бажарган топшириқ ва уйга вазифаларни интернет орқали ўқитувчига юборяпти.
Хўш, масофадан таълим бериш қанчалик ўзини оқлайди? Ўқувчи ва талабалар дарсларни тўлиқ ўзлаштира оладими, деган савол туғилмоқда.
Zarnews.uz сайтимиз орқали юртдошларимизга ушбу масалада сўров ўтказдик. Сўровномада масофавий таълим тизими дарс-машғулотлар сифатини пасайтирадими, деб савол қўйдик. Унда 3932 нафар кузатувчи қатнашди.
Сўралганларнинг 49 фоизи "Сифат пасаяди. Сабаби, ўқувчиларга масофадан туриб дарсни тушунтириш қийин", деган жавобни белгилаган. Тўғри, мактаб ўқувчиларига бир марта айтиб ўтилган видеодарс фанни ўзлаштириш учун камлик қилади. Баъзи ўқувчилар дарсни бир марта эшитгандан ўзлаштирса, баъзиларига икки-уч марта тушунтириш керак. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қайта-қайта такрорлаш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ҳам бугун ўқитувчилар телеграм каналлар орқали ўқувчиларга ўтилган дарсни мустаҳкамлашга ёрдамлашяпти.
Сўровномада иштирок этганларнинг 24 фоизи "Сифат ўзгармайди. Ўқийдиган бола масофадан туриб ҳам дарсни ўзлаштиради. Қизиқмайдигани ўқимайди", деган жавобни белгилаган. Аслида ҳам шундай, билимга интилувчи ўқувчи ёки талаба қандай шароитда бўлса ҳам қўлига китоб олади, мустақил билим олишга интилади. Қизиқмайдиганини мажбурлаб ҳам ўқитиш қийин.
Шунингдек, иштирокчиларнинг 20 фоизи "Билмадим. Масофадан дарс бериш биз учун янгилик, қандай самара беришини вақт кўрсатади", деган фикрга тўхталган. Карантин сабаб масофадан дарс беришни йўлга қўйдик. Кутилмаганда таълим тизимида янгилик яратдик. Бунинг қандай самара беришини, албатта, вақт кўрсатади.
Кузатувчиларнинг 7 фоизигина "Сифатни оширади. Ўқувчилар ва талабалар экран орқали ҳам фанларни яхши ўзлаштира олади", деган жавобни маъқуллаган. Дунёнинг топ 1000 таликка кирган олий таълим муассасаларида талабалар дарсларни масофадан кузатиб ҳам, аъло баҳоларга ўқийди. Ажаб эмас, бизда ҳам талабалар астойдил масофавий дарсларга қатнашиб, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирса.
Бугунги синовли дамларда ўқувчи ва талабаларга нисбатан яхши гумонда бўламиз. Албатта, улар ота-оналари назорати остида масофадан туриб ҳам фанларни яхши ўзлаштира олади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.