Меҳнат мигрантларига суғурта пуллари тўлаб берилади
Вилоятимиздан 3843 нафар меҳнат мигранти бевосита "Эркин ёллаш" ва "Бандликка рухсат бериш" тизимлари орқали ишга жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 2200 нафари юқори касб малакасига эга бўлди. Меморандумга асосан фуқароларимизнинг дастлабки ойлик иш ҳақларидан Ўзбекистонга қайтиб келиш харажатларини суғурталаш мақсадида суғурта компаниясига 500 минг вон (453 АҚШ доллари) миқдорида маблағ ўтказилади. Фуқаро меҳнат шартномасини муваффақиятли тугатгач, юртимизга қайтишдан олдин мазкур суғурта маблағи ҳисоб-китоб қилиниб, ўз эгасига қайтариб берилади.
– Аммо кўп ҳолларда мигрантларимиз меҳнат таътилида юртига келиб, яна қайтиб бормаган ёки меҳнат шартномаси тугамасдан кетиб қолган ҳолларда табиийки, иш берувчи билан ишчи ўртасида якуний ҳисоб-китоб қилинмай қолади, – дейди Республика Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов. – Ёки уларнинг уйларига қайтиш харажатлари учун қилинган суғурта пуллари ўз эгаларига қайтарилмай қолган. Ҳозирда Жанубий Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан бу маблағлар қайта ҳисобланиб, уларни тўлаб бериш механизми йўлга қўйилган. Вилоятимизда яшовчи 163 нафар фуқарога ҳам суғурта пулларини бериш мақсадида уларнинг яшаш манзиллари аниқланиб, қонуний маблағлари қайтариб берилмоқда.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Акрам Ризаев тўрт йил давомида Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги кемасозлик корхоналаридан бирида ишлади. Пайвандлашнинг сир-асрорларини ўрганиб олган. 2010 йилда меҳнат таътилида уйига келиб, оилавий шароити сабабли Ватанида қолишига тўғри келган.
Аммо ишлаган корхонаси билан якуний ҳисоб-китоб қилмаган, суғурта пулларини олмаган экан. Энди меморандум асосида унга барча маблағлари тўлаб бериладиган бўлди.
– Корея Республикасида меҳнат шартномаси асосида бориб ишлайдиган ишчилар орасида ўзбекистонликлар энг интизомли, тартибли ва давлатимиз қонунларини ҳурмат қилувчилардан ҳисобланади, – дейди Жанубий Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг бош директори Ким Донг Хо. – Айниқса, меҳнатсеварлиги, ҳалол ва мардлиги бизларни ҳайрон қолдирган. Ҳар қандай касб-ҳунар бўлмасин, жуда тез ўзлаштиришади. Улар орасида юқори малакали мутахассислар жуда кўп. Ўзбекистонда уларга тадбиркорлик қилиб, ўрганиб келган ҳунарини амалда қўллаш имкониятлари яратилганлиги қувонарли.
Шунингдек, тадбирга вилоятимиздаги 20 га яқин корхона-ташкилот вакиллари ҳам таклиф этилиб, уларга Кореяда ишлаб келган юқори малакали ишчилар билан танишиб, ўзларидаги мавжуд бўш ўринларига ишга жойлаштириш имконияти яратиб берилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.