Меҳнат таътили бўйича қонунбузилиш бартараф этилди
Ургут тумани адлия бўлимига туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган бир қатор ходимлар, жумладан қоровул Дилмурод Ҳимматов томонидан мурожаат йўлланган.
Мурожаатда ходимлар 2025 йил ноябрь ойи учун меҳнат таътилига чиқиши белгиланган бўлса-да, кадрлар бўлими томонидан бу ҳақда расман огоҳлантирилганига қарамасдан, 2025 йил 3 декабрь кунига қадар таътил буйруқлари расмийлаштирилмагани кўрсатилган.
Ургут тумани тиббиёт бирлашмасидаги 142 нафар ходим жорий йил 1 ноябрдан меҳнат таътилига чиқиши лозим бўлган, бироқ кадрлар бўлими инспектори томонидан тегишли буйруқлар расмийлаштирилмаган.
Шу сабабли бухгалтерия томонидан ходимларга 256 579 560 сўм миқдорида меҳнат таътили пуллари тўлаб берилмаган.
Адлия бўлими томонидан тақдимнома киритилиб, жорий йил 17 декабрь ҳолатига 142 нафар ходимнинг тўланмаган меҳнат таътили пуллари, иш ҳақига тенглаштирилган таътил маблағлари, жами 256 миллион 579 минг 560 сўм тўлиқ ундириб берилди.