"Мен бу билан ҳар куни яшайман": «Норд-Ост» теракти хотиралари

Ўнлаб худкуш аёллар, юзлаб килограмм портловчи модда ва мингга яқин гаровга олинганлар - роппа-роса 20 йил олдин террорчилар Москванинг Дубровка посёлкасидаги театр марказини эгаллаб олишган эди.

Уч кун давом этган гаровдан кейин махсус кучлар жангариларни бир неча дақиқада йўқ қилди. Ушбу операция ҳақида ҳали ҳам кўп баҳс-мунозаралар мавжуд. Биринчи навбатда, ҳужум пайтида ишлатилган фалажловчи газ билан боғлиқ фаразлар тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Теракт ва ҳужум натижасида, турли манбаларга кўра, 130 дан 174 гача одам ҳалок бўлган, 800 га яқин гаровга олинганлар озод қилинган. Ҳужум чоғида 36 нафар террорчи йўқ қилинган.

Дубровкада терактдан омон қолганлар ва қурбон бўлганлар оилалари 20 йил олдин жангарилар томонидан қўлга олинган театр марказида содир бўлган воқеаларни эслашди. 2002 йил 23 октябрдан 26 октябргача террорчилар "Норд-Ост" мусиқий спектаклига келган 900 дан ортиқ томошабинларини, санъаткор ва мажмуа ишчиларини гаровга сақлаган эди.

Гаровга олинганлардан бири Светлана Губарева театрдаги мудҳиш «сценарий»ларни эслайди:
“Норд-Ост” мусиқий фильмининг иккинчи қисми бошланди. Залга бир гуруҳ одамлар кириб келишди. Улардан бири саҳнага чиқиб автоматдан ўқ узди ва бизга бу теракт эканлиги, биз гаровга олинганимизни айтди. Бу 57 соат давом этди... Лекин воқеалар «қуйқаси»да бўлганлар бу билан умрининг охиригача яшайди. Эҳтимол, кимдир буни унутишга муваффақ бўлгандир. Мен эса ҳар куни бу билан яшайман".

«Айрим ҳуқуқ фаоллари хавфсизлик кучларини “жуда қўпол иш тутганликда”, айниқса газдан асоссиз фойдаланишда айблади. Расмийлар қурбонлар ва заҳарланиш хусусияти ҳақидаги маълумотларни яширган”, - дейди «Норд-Ост» гаровидан омон қолганлар уюшмаси раҳбари Дмитрий Миловидов. У Дубровкада қизини йўқотган:

“Эрта тонгда (26-октябрь) биз террористларга ҳужум бошланганини билдик. Кейин қурбонлар олиб кетилган касалхоналар ҳақида хабарлар келди. Одамлар қўнғироқ қилишар, аммо бу нотўғри хабар эди. Биз бетиним қўнғироқ қилардик, ўликхонага чопдик. Аслида эса суд-тиббий экспертиза учун яқинларимизни биздан яширишгани кейинроқ маълум бўлди”.

Ўшанда президент Владимир Путин The Washington Post газетасига берган интервьюсида террористларни қўлга олиш учун Дубровкадаги театр марказига бостириб киришда ишлатилган газ зарарсиз эканлигини айтган эди. У хавфсизлик кучлари ва фавқулодда хизматларга қўйилган даъволарни қатъиян рад этиб, воқеалар ривожи, жумладан, босиб олинган бинода узоқ вақт қолиш ўлимга олиб келганини таъкидлаган.

Ушбу ҳужум бир неча йил давомида текширилди. Қўлга олинган жангарилар ва уларнинг шериклари 15 йилдан 22 йилгача бўлган муддатга қамалди. Лондонда яширинган Аҳмад Закаевдан ташқари ташкилотчилар Россия махсус хизматлари томонидан йўқ қилинган дейилади маҳаллий матбуот хабарларида.

Г.Холдорова тайёрлади.