Миллий валютамиз - сўм муомалага киритилганига 30 йил бўлди
Марказий банк томонидан 1991-1993 йиллар давомида миллий валютани муомалага киритиш учун жуда кўп изланишлар олиб борилган, хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.
1993 йилнинг 15 ноябридан бошлаб тўлов воситаси сифатида сўм-купон муомалага киритилди. Пул ислоҳотини амалга ошириш борасида маълум тажрибага эга бўлиш учун сўм-купон ўтиш валютаси сифатида хизмат қилди.
Ушбу йўналишда етарли тажриба тўплангач, 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси “сўм” муомалага киритилди. Дастлаб 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200 (1997 йил), 500 (1999 йил) ва 1000 сўмлик (2001 йил) пуллар бирин-кетин муомалага киритилди.
Марказий банк томонидан йиллар давомида пул сифатини яхшилаш, хавфсизлигини ошириш ва дизайни борасида изланишлар олиб борилди.
2018 йилда ихчам ва енгилроқ вазнда янги дизайндаги танга кўринишидаги – 50, 100, 200 ва 500 сўмлик пуллар чиқарилди. Янги дизайндаги 1000 сўмлик танга эса 2022 йилда муомалага киритилди.
Нақд пулга доир ислоҳотларнинг давоми сифатида банкнотларнинг янги дизайни ишлаб чиқилди. 2021 йилда 2 000, 5 000, 10 000, 20 000, 50 000, 100 000 сўмлик ва 2022 йилда 200 000 сўмлик қийматдаги янги банкнотлар халқимизга тақдим этилди.
Ушбу банкнотлар қоғоз сифати, ҳимоя қатламлари борасида эскиларидан анча фарқ қилади. Пулларнинг дизайнида "Буюк Ипак йўли" ва мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари мавзуси акс эттирилди.
Миллий валюта давлатнинг иқтисодий мустақиллигини таъминловчи, унинг ўзлигини акс эттирувчи, дунёга танитувчи муҳим давлат рамзи ҳисобланади. Давлат рамзларига ҳурмат билан муомалада бўлиш, аввало, ўша халқнинг ўзига бўлган юксак эътиборини ифодалайди.