Мингта мумтоз мактаб орзуси

Кечагина Ўзбекистонимиз мустақилликка эришиб, халқимиз озодликка чиқиб, ҳуррият нуридан баҳраманд бўлганининг 30 йиллигини тантанали нишонладик. Мустақиллик йилларида ҳаётимиз ўзгариб, мутлақо бошқача янги жамият барпо этилди. Халқ турмуши, фаровонлиги янада юқори сифат босқичига кўтарилди. Савдо дўконларимиз маҳсулотга, кўчаларимиз машинага тўлди. Чекка шаҳарларимизда ҳам заводлар, фабрикалар ва осмонўпар бинолар қурилиб, қишлоқларимиз аҳолиси замонавий ҳаёт кечира бошлади.

Биз, педагоглар учун байрам байрамга уланиб, ҳадемай бутун мамлакатимиз бўйлаб “Билимлар куни” кенг нишонланади. Кейинги йилларда юртимизда барча жабҳаларда бўлганидек, таълим соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, олий таълим муассасаларига қабул қилишда тест синовининг жорий этилиши инқилобий ҳодиса бўлди. Яшириб нима қиламиз, ундан олдин қўлингизда мўмайгина пулингиз бўлмаса, олий таълим олиш ҳақида орзу ҳам қилолмасдингиз. Чунки ўша йилларда олий таълим муассасалари қулоғигача коррупция ботқоғига ботганди. Гарчанд, кейинчалик ҳам бу иллатдан тамомила қутула олмаган бўлсак-да, ҳеч бўлмаса, қабул жараёнида нисбатан адолат қарор топди. ОТМларга оддий касб эгаларининг фарзандлари ҳам қабул қилина бошланди. Бироқ ушбу ютуқни олий мактаблардаги қамров даражасининг пасайиб кетиши йўққа чиқарди.

Айтайлик, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Ўзбекистон олий таълим қамрови бўйича Марказий Осиёда энг юқори даражада бўлса, 2016 йилга келиб энг охирги ўринга тушиб, кўрсаткич бор-йўғи 9 фоизни ташкил этди. Мамлакатимиздаги бирорта олий таълим даргоҳи халқаро рейтингларга кирмади. Мана, ниҳоят 2021 йилга келиб, 29 фоиз мактаб битирувчиларимиз ОТМларга қабул қилинадиган бўлди. Маълумот учун шуни келтириш мумкинки, ён қўшнимиз Қозоғистон Республикасида олий таълим қамрови кўрсаткичи 40 фоиздан зиёд бўлиб, саккизта олий таълим муассасаси дунёдаги ОТМларнинг мингталик рейтингига киритилди. Эндиликда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу кўрсаткични бизда ҳам 2030 йилгача 50 фоизга етказиб, мингталик рўйхатга кириш вазифасини қўйди.

Мамлакатимиз таълим соҳасидаги оқсоқлик тизимли бўлиб, шу давр ичида умумий ўрта таълим беришда ҳам айтарли жиддий ислоҳотлар бўлмади. Албатта, халқ таълимида ўзгаришлар умуман бўлмади десак, адолатдан бўлмайди. Лекин мактабларимиздаги ислоҳотлар кўп ҳолларда хўжамкўрсин қабилида юзаки амалга оширилди. Натижада айрим декоратив ўзгаришларни ҳисобга олмаганда, халқ таълимида чуқур сифат ўзгаришлари рўй бермади. Хом ўйланган режалар асосида амалга оширилган ишлар самарасиз кетиб, умумий ўрта таълим соҳасида давомий депсиниш ҳолати юзага келди. Битирувчиларни ўрта-махсус таълимга оммавий жалб қилиш тадбирлари барбод бўлиб, ўртада жуда катта маблағлар ўринсиз сарф қилиб юборилди.

 Бу борада мамлакатимизда кейинги беш йилда амалга оширилаётган ишлар кишида умид уйғотади. Масалан, вилоят марказларида ижодий мактаблар, Президент мактаблари, фанларни чуқур ўргатувчи ихтисослашган умумтаълим мактабларининг ташкил этилаётгани албатта яхши. Аммо фақат марказлар ҳақида қайғуриб, чекка ҳудудларни назардан қочириш ҳам дуруст эмас. Чунки чекка-чекка қишлоқларда ҳам иқтидорли-истеъдодли ўқувчи ёшларимиз кўп. Шу маънода, уларга ҳам замонавий сифатли билим беришимиз зарур. Бунга эришиш учун ҳамма таълим муассасаларини бирдек оёққа турғизиб, сифат ўзгаришлари қилиш вазифаси гарчанд, бир қарашда жуда жозибали кўринса-да, уни амалга ошириш ниҳоятда оғир, балки умуман бажариб бўлмайдиган ишдир. Нега десангиз, таълим сифатини кескин кўтариш учун кўплаб малакали кадрлар талаб қилинади. Афсуски, ҳозирги ҳолатда муаллим устозларимизнинг кўпчилиги давр талабларига жавоб бера олмайдиган ўқитувчилардан иборат. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиб олиш мумкин. Республикамиз мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг бор-йўғи 3,5 фоизи олий тоифали педагоглар бўлиб, улар ҳам турли мактаблар ўртасида сочилиб кетган. Устозларнинг қолган катта қисмини қуйи тоифадаги ўқитувчилар ташкил этади.

Бизнинг назаримизда, бирдан бажариб бўлмайдиган салмоқли ишга қўл урмасдан, мактабларимизни босқичма-босқич, битта-битталаб оёққа қўйишимиз зарур. Албатта, бу кўп вақтни талаб қилади, аммо биз учун бундан ўзга оқилона йўл йўқ.

Айтайлик, битта қишлоқда, битта маҳаллада ёки бир нечта қишлоқ орасида бир неча мактаб бўлиши мумкин. Шуларнинг орасидан кадрлар салоҳияти нисбатан юқори бўлган биттасини танлаб олиш лозим. Маълум шарт-шароитлар яратилгач, атрофдаги барча мактаблардаги олий тоифали педагоглар ва аълочи ўқувчилар шу мактабларга жалб этилади. Қолган мактаблардаги моддий ва маънавий воситалар, директорлар жамғармасидаги маблағлар ҳам ана шу намунали таълим муассасаларига йўналтирилади. Бунинг натижасида ушбу мактабларда ишловчи педагог-ходимларнинг иш ҳақи ҳам юқори бўлади. Агар ўқувчиларнинг мактабга қатнашлари учун йўл узоқ бўлса, мактаб ихтиёрига автобус ажратилади. Шу тахлит республикамизда минглаб мазмун жиҳатидан янги мумтоз мактаблар ташкил этилади. Ана шу хилдаги мактаблар келажакда барча соҳаларни олға силжитувчи локомотив вазифасини бажариб, қолган оддий мактабларни ҳам ортидан эргаштириши шубҳасиз.

 Натижада мамлакатимиз халқ таълими тизимида чинакам рақобат муҳити вужудга келиб, Президентимиз орзу қилган мингта янги “Қоракўл мактаби” пайдо бўлади. Бу фикрларимга кимдир қўшилиши, кимдир эътироз ҳам билдириши мумкин. Агар ўзгача ўйласангиз, марҳамат, бирга фикрлашайлик.

Худойберди КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фахрий педагог.