Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнини самарқандлик мударрис аниқлаганини биласизми?
Бу йил юртимизда буюк мунажжим, қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан буюк бобомиз шахсияти, тарихи, асарлари, қолдирган бой мероси ҳақида ўрганишлар давом эттирилиб, республика ва халқаро даражадаги анжуманлар ўтказилмоқда. Мирзо Улуғбекдан қолган энг катта мерос Самарқанддаги расадхонаси ҳисобланади.
Хўш, Мирзо Улуғбекнинг дунёга машҳур расадхонаси ўрнини ким, қандай топган? Бу ҳақда музейшунос, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Маҳмудхон Юнусов батафсил маълумот берди.
Мирзо Улуғбек расадхонаси қурилганда яқин ҳудудларда расадхона бўлмаган ва бу ҳақда манбаларда ҳам ҳеч қандай маълумот учрамайди, - дейди М.Юнусов. – Фақат Ҳиндостон ва Эронда расадхоналар бўлган. Аммо XV асрга келиб, ушбу расадхоналарда тузилган юлдузлар каталогида баъзи ноаниқликлар кузатила бошлайди. Бу эса юлдузлар каталогини қайта тузиш эҳтиёжини юзага келтиради ва 1424-1428 йилларда Мирзо Улуғбек расадхонаси қурилади. Мирзо Улукғбек даврида расадхонада кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилади ва унинг вафотидан кейин ҳам расадхона 20 йилга яқин фаолият кўрсатади. Кейинчалик тож-тахт учун курашлар натижасида расадхона фаолияти тўхтатилиб, олимлар ва шу жумладан Улуғбекнинг энг яқин шогирди Али Қушчи ҳам бу ерни тарк этади. Тепалик қаровсиз қолиб, тупроқ уюмига айланади.
XIX асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб Самарқанд минтақасига, умуман, Самарқанд тарихи ва археологиясига жаҳон миқёсида қизиқиш орта бошлайди. Шу даврда Мирзо Улуғбек расадхонасини ҳам излаш бошланади. Бунга рус коммитети жуда катта маблағ сарфлайди ва ишни ўша вақтда Самарқанддаги ёдгорликларни кузатувчиси, археолог олим Василий Лаврентевич Вяткинга топширади. Вяткин бу иш билан узоқ вақт шуғулланади, лекин расадхона ўрнини аниқлаш чўзилиб кетади.
Расадхона ўрни вақф ҳужжати орқали топилган
“Самария” китобининг муаллифи - Абу Тоҳир Хўжанинг авлодидан бўлган, Шайбонийхон мадрасаси мударриси, ўз даврининг иқтидорли ҳаттот ва рассоми, самарқандлик Абдуқаюм Махсум ўғли Абу Саййид Махсум ушбу ҳужжат орқали Улуғбек расадхонаси ўрнини аниқлайди.
Абу Саййид Махсум кўкйўтал касалига чалиниб, яқинларининг маслаҳати ва ёрдамида Олойга даволанишга келади. Бу ерда у Олой маликаси Қурбонжон додхоҳ (1811-1907 й.й.) билан учрашади. Учрашувда Қурбонжон додхоҳ ундаги иқтидорни тезда илғаб олади. Ўзида Қўқон хонлигининг кутубхонаси ва қўлёзмалари борлигини, унда хоннинг ҳужжатлари ва дастхатлари билан бирга марҳум турмуш ўртоғи, Андижон ҳокими Олимбекнинг Қўқон хонлиги ва чет элдаги қўшни хонликлар билан мулоқоти акс этган беш сандиқдан иборат ҳужжатлар борлигини маълум қилиб, Абу Саййидга уларни кўриб, тартибга солишни ва рўйхатга олишни илтимос қилади (баъзи тадиқотчиларнинг фикрича, Қўқон хонлигига тегишли бўлган ушбу қўлёзма ҳужжатлар 1873-1875 йилларда Пўлатхон қўзғолони вақтида у билан бирга жанглар олиб борган Қурбонжон додхоҳ қўлига тушиб қолган).
Абу Саййид даволаниш билан бирга, маликанинг илтимосига кўра, архив ҳужжатларини тартибга солиш билан шуғулланади. Бир неча ойдан сўнг Абу Саййид Махсум анча соғайиб, Олойдан Самарқандга қайтади. У ўзи билан Қурбонжон додхоҳнинг ҳали ўрганиб улгурмаган ҳужжатлари сақланадиган охирги бир сандиғини ҳам олиб келади. Мазкур сандиқдаги ҳужжатларни ўрганаётганида бир ҳужжат унинг эътиборини тортади. ХVI асрга оид ушбу ҳужжатда расадхона яқинида жойлашган тепалик атрофида яшаган, ҳеч кими йўқ аёл вафотидан олдин ҳовлисини ёнидаги масжидга ҳадя қилиш ҳақида вақф ҳужжатини имзолаган эди. Бу ҳужжатда ернинг кординаталари кўрсатилган, яъни ер бир томондан Оби Раҳмат ариғи билан, иккинчи томондан бедазор билан, учинчи томондан маҳалланинг жоме масжиди билан ва тўртинчи томондан Толеъ Расад тепалиги билан чегараланган эди.
“Толеъ Расад” деганда гап Улуғбек расадхонаси ҳақида бораётганлигига шубҳаси бўлмаган Абу Саййид Махсум бу ҳақда анчадан бери расадхона ўрнини аниқлашга ҳаракат қилиб юрган дўсти Вяткинга айтиб беради. Ҳужжат билан танишган Вяткин расадхона ўрнида қазиш ишларини бошлайди ва дастлабки кунларданоқ машҳур иншоотнинг асос қисмини топишга муваффақ бўлади.
Бундан кўринадики, расадхонанинг ўрни В.Вяткин томонидан эмас, ватандошимиз, самарқандлик мударрис Абу Саййид Махсум томонидан аниқланган. Буни ҳатто ўз даврида Россия империясидаги нуфузли илмий жамиятлар ҳам тан олган. Абу Саййиднинг илм-фан йўлидаги хизмати, Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнини аниқлаганлиги учун Ўрта ва Шарқий Осиёни тарихий, археологик, лингвистик ва этнографик жиҳатдан ўрганиш Рус комитети томонидан 100 рубль миқдорида мукофотланган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри, унинг атрофи ва қадимий ёдгорликлари тарихий топографиясини ўзида мужассам этган, тарихчи ва археологлар учун муҳим манба ҳисобланган Абу Тохир ибн Қози Абу Саййид Самарқандийнинг “Самария” қўлёзма асарининг чоп этилиши ҳам Абу Саййид номи билан боғлиқдир.
Асарнинг ушбу қўлёзма нусхаси 1895 йил декабрь - 1896 йиль январь ойларида Абу Саййид томонидан рус қоғозига насталиқ хатида кўчирилган ва ушбу нусха асосида В.Вяткин асарни рус тилига таржима қилиб, 1899 йилда нашр эттирганлиги аллақачон рус тарихчилари томонидан эътироф этилган. 1896 йилда тарихчи олим Н.Веселовский ҳам Абу Саййиддан “Самария” асарининг форс тилидаги қўлёзма нусхасини олади ва 1904 йилда уни нашр эттиради.
Абу Саййид Махсум Самарқанднинг тарихий топографияси қадимги тарихи билан яхши таниш бўлган. У бетоблиги сабабли ва моддий жиҳатдан қийналган бўлишига қарамасдан, В.Вяткин томонидан дастлаб Афросиёб тепаликларида, кейин Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнида ва Самарқанд атрофларида олиб борилган қазиш ишларида ҳамроҳлик қилади. В.Вяткин шарқ қўлёзмалари ва вақф ҳужжатларидаги тушунарсиз ва баҳсли жойлар хусусида ундан маслаҳат олиб турган. Масалан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган В.Вяткин қаламига мансуб “Самарқанд меъморий ёдгорликлари” рисоласида ҳам муаллиф ўз хулосаларида Абу Саййид Махсумга таянганлигининг гувоҳи бўламиз.
Фазлиддин Рўзибоев ёзиб олди.