Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирзо Улуғбекнинг ёш ворислари астрономия ва астрофизика фани ривожида янги илмий натижаларга эришмоқда

Яқинда Германиядаги Гёте университетининг 100 йиллик юбилейи бўлди, унда мен ҳам иштирок этдим. Ушбу университет 1914 йили ташкил этилганлигига қарамай Германиядаги энг ёш университетларидан бири ҳисобланаркан. Бу маълумотни эшитиб, Ўзбекистон илми дунё илм-фани ичида энг қадимийларидан ва бой тарихга эга бўлишига қарамасдан, наҳотки юртимизда асрга тенгдош олий ўқув юрт бўлмаса, дея ҳайратлангандим. Матбуот нашрларида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини тан олиниши билан боғлиқ жараён бошланганини эшитгач, қувондим.

Дарҳақиқат, СамДУнинг тарихи олти асрга бориб тақалади. 1420 йилда буюк астроном Улуғбек бошчилигида дунёнинг энг илғор олимлари билан биргаликда талабаларга илм бериш ва илмий ишлар олиб бориш ташкил этилган. Бунинг натижасида жаҳон дурдоналаридан бири бўлган Зижи Жадиди Кўрагоний яратилди.

Бугунги кунда мен фаолият юритаётган Ўзекистон Республикаси Фанлар академияси астрономия институти олим ва мутахассислари бевосита Мирзо Улуғбек бошлаган осмон илми, астрономик кузатувлар жараёнини такомиллаштириб келмоқда, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда ушбу долзарб йўналишда ёш олим А.Абдужабборов билан биргаликда фундаментал тадқиқот лойиҳаларини муваффақиятли олиб боряпмиз. Эътиборлиси, бу йўналишда илмий тадқиқотларни бошлаган ёш олим, СамДУ битирувчиси Ф.Фаттоев (PhD) АҚШнинг турли нуфузли университетларида илмий фаолият олиб борди. У PhD илмий даражасини Флорида давлат университетида олгандан сўнг Техас, Индиана штатларининг давлат университетларида илмий иш қилди. Унинг илмий ишлари нейтрон юлдузларнинг ички структурасини тадқиқ этишдан иборат бўлиб, нейтрон юлдузларнинг экстремал шароитда бўлган моддасининг ҳолат тенгламаларини аналитик ва рақамли усуллар ёрдамида ечишга бағишланган ва дунё миқёсида бир неча марта эътироф этилган ва ҳозирда Нью-Йоркда профессор лавозимига сазовор бўлди.

Шунингдек, АҚШнинг Калифорния технологик институтида ёш олимимиз Е.Абдикамалов (PhD) компакт объектларнинг ўзаро тўқнашиши натижасида ҳосил бўлувчи гравитацион тўлқинларнинг тўлқин шаклларини олиш бўйича рақамли ҳисоблаш ва уларни таҳлил этишга асосланган илмий тадқиқотлар олиб борди. Астрономия институтининг ёш олимларидан бири В.Морозова АҚШнинг Калифорния технологик институти, Принстон университети, Германиянинг Макс Планк институти, Бремен университетларида умумий нисбийлик назарияси доирасида компакт объектлар атрофидаги электромагнит жараёнлар, пульсар (тез айланувчи магнитланган нейтрон юлдуз)ларнинг магнитосферасидаги энергетик жараёнларни тадқиқоти бўйича у ердаги олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб борди. Бундай муваффақиятли ишлари билан у Пенсильвания университети профессори лавозимига эга бўлди. Германиянинг Бремен ва Олденбург университетларида қора туйнуклар атрофида синов зарраларининг ҳаракати тадқиқотига бағишланган илмий тадқиқотларда эса ёш олимларимиз - В.Каграманова (PhD) ва С.Тожиев фаол иштирок этиб келмоқда.

Институтимиз Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида жойлашган Астрономия ва астрофизика бўйича университетлараро марказ (IUCAA) билан узоқ йиллик алоқаларга эга. Назарий физика бўлимидаги кўпгина ёш олимлар ўзларининг хорижий илмий ҳамкорликларини ўша ердан бошлаган. Шунингдек, Италиянинг Триест шаҳридаги Халқаро назарий физика маркази, Чехия Республикасининг Опава шаҳридаги Силезия университети билан ҳам мустаҳкам илмий алоқа ўрнатганмиз.   Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳридаги Фудан университети билан ҳамкорлик ишларимиз ҳам самарали.

Муҳими, институтимиз олимлари маҳаллий лойиҳалардан ташқари халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Германиянинг DAAD, Volkswagen Stiftung, DFG, Италиядаги ICTP, ICRA, TWAS, СNR, INFN халқаро жамғармалари, Саудия Арабистонининг KFUPM, Европанинг ERC, Erasmus+ жамғармалари томонидан ўтказилаётган турли халқаро танлов, лойиҳаларда ўзларининг илмий салоҳиятлари асосида ишлаб чиққан илғор ғоялари билан иштирок этиб, ушбу жамғармаларнинг грант ва мукофотларига эга бўлишган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тарихан астрономиянинг юраги бўлган Ўзбекистон заминида замонавий астрономия ва астрофизика фанининг ривожланишида ёшларнинг ҳиссаси салмоқли. Орттирилган янги билимлар, олинган илмий натижалар, эришилган ютуқлар, забт этилган марралар астрономия институти ёшларининг астрономия ва астрофизика фанини ривожланишида қилиниши керак ва режалаштирилаётган улкан ишларнинг кичик бир қисмидир. Умид қиламизки, ўзбекистонлик ёш олим ва мутахассислар бу соҳада янгидан-янги илмий натижаларга эришиб, Улуғбек изидан бориб, Ўзбекистон номини дунёга танитишда давом этишади.

Бобомурод Аҳмедов,

Республика ФА астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси.