“Мистер Бин”: Аҳмоқ ролини ўйнаган одамнинг IQ даражаси Эйнштейндан юқорироқ
Роуэн Аткинсон. Кўпчилик бу актёрни ўтган асрнинг 90-йилларидаги машҳур телесериалнинг ўта омадсиз, мафтункор қаҳрамони “Жаноб Бин” роли орқали билади. Камера ортидаги қувноқ ҳазилкаш Роуэн Аткинсон ҳаётда фильмдаги бош қаҳрамонининг мутлақо аксидир.
Аткинсон жуда ақлли
Кўпинча аҳмоқ ва кулгили қаҳрамонлар ролларини ўйнаб келишига қарамай, ҳаётда Роуэн Аткинсон ўзининг ақл-заковати билан машҳур. Жаноб Биннинг IQ даражаси 178 баллга тенг бўлиб чиқди!
Маълумот учун: Дунёга машҳур олим, физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Альберт Эйнштейн ҳеч қачон синовдан ўтмаганига қарамай, экспертлар унинг IQ кўрсаткичини 160 балл, деб баҳолаган.
Мактабдан сўнг у муҳандис бўлишни орзу қиларди ва Ньюкасл университетининг электроника факультетига ўқишга кирди, уни муваффақиятли тамомлаб, Оксфордда магистрлик даражасини олди. Аткинсон “Ўз-ўзидан (автоматик равишда) созланадиган тизимлар” бўйича диссертацияни ҳам ёзди. Шундан кейингина унга дунё миқёсида шуҳрат келтирган актёрлик карьерасини бошлади.
Комедия жанри унга болалигидан берилган
Актёр болалигидан комедияга мойиллигини кўрсатди. Гарчи у ҳар доим ўзини камтарин ва уятчан деб тавсифлаган бўлса-да, унда одамларни кулдириш қобилияти бор эди. Синфдошлари унинг ҳазилларини яхши кўрар, унинг ўзи ҳам баъзида дўстларини кулдириб турар эди. Қизиқарли факт - Роуэн Аткинсон Буюк Британиянинг бўлажак Бош вазири Тони Блэр билан бирга ўқиган.
У дудуқланишдан азият чекади
Роуэн Аткинсон дудуқланишдан азият чекади, шу сабабли у камдан-кам интервью беради. Хусусан, унинг муаммоси Б ҳарфи билан боғлиқ. У билан бошланган сўзни айтишдан олдин, актёр тайёргарлик кўриши учун бир неча дақиқа керак бўлади.
Кўпинча аварияга учрайди
Аткинсон машиналарни яхши кўради. Уларга бўлган иштиёқ болалигида, отаси ўзи билан бирга трактор рулига ўтиришга рухсат берганида пайдо бўлган. Актёрнинг “Aston Martin”, “Honda”, “Audi” ва ҳатто “MC Laren F1” каби спорт автомобиллари бор. Севимли машғулоти туфайли бўлса керак, Аткинсон тез-тез бахтсиз ҳодисаларга дуч келади.
Аткинсон баъзан автомобиль мавзусига ихтисослашган нашрлар учун материаллар ёзади ва ўз автомобилларини суратга олади. Масалан, "Агент Жонни Инглиш" фильмида ўзи билан бирга актёрга тегишли “Aston Martin DB7 Vantage” автомобили ҳам “роль ўйнади”.
У қирол оиласи билан дўстона муносабатда
Роуэн Аткинсон шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтон ҳамда шаҳзода Чарльз ва Камилланинг тўйларида қатнашган. 2013 йилда қироличанинг туғилган куни шарафига Британия империясининг учинчи даражали ордени билан тақдирланган. Ўшанда актёр санъат ва хайрия ишларига қўшган ҳиссаси учун қўмондон унвонини олган эди.
Камтарин қаҳрамон
2001 йилнинг март ойида Аткинсон, рафиқаси ва болалари билан хусусий самолётда дам олишга кетаётган эди. Тўсатдан учувчи ҳушидан кетиб қолди. Самолёт қандай бошқарилишини билмайдиган актёр саросимага тушмасдан, бошқарувни ўз қўлига олди. Саргузашт яхши якунланди: учувчи тезда ўзига келди ва эҳтиёткорлик билан қўнишни амалга оширди.
Роуэн фаол жамоат арбоби
2005 йилда Аткинсон Николас Хитнер, Стивен Фрай ва Иэн Макюандан иборат Британиянинг энг таниқли актёрлари ва ёзувчилари коалициясини бошқарди. Ўшанда улар Буюк Британия парламентидан ирқий ва диний нафрат ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишни сўраган эди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.