Миядаги қурт. Ўғрилар қолдирган хат. Сирли қўнғироқ
Австралиянинг Канберра шаҳрида жарроҳлар бемор аёл миясидан 8 сантиметр келадиган қуртни олиб ташладилар. Тиббиёт тарихида ҳали бундай ҳодиса учрамаган, деб ёзади The Guardian.
64 ёшли аёл қорин оғриғи ва ич кетиши шикояти билан 2021 йилда шифохонага тушганди. Кейинчалик унинг касаллигига қуруқ йўтал, кечаси терлаш ва бошқа нохушликлар ҳам қўшилди. 2022 йилда хотира сусайиши, асабийлик шикояти билан яна шифохонага тушган аёлни врачлар текшириб кўриб, мияда қурт борлигини аниқладилар. Олиб ташланган қурт юқумли паразитлар туркумига кириб, илонларда учрар экан. У одамда биринчи марта қайд этилди.
***
Италиянинг Пардинон провенцияси Конс коммунасида эшикни бузиб ўғриликка кирган талончилар хонадон эгаларига хат қолдириб, кечирим сўрашди, деб хабар беради II Gazzettino.
Ўғрилар бинода қўлга илинадиган ҳеч вақо топиша олмагач, хат қолдиришди: «Афсуски, бизнинг пулимиз йўқ, қорнимиз эса оч. Тушунамиз, сизларга ҳам қийин экан. Аммо куйинманг!..»
Полиция ҳозиргача ҳам ўғриларни тополгани йўқ.
***
Бир куни Британиянинг Норфолг графлигида яшовчи 80 ёшли кампир мобил телефони бемаҳал жиринглаб тинчини бузаётганидан шикоят қилади, деб хабар беради Daily Mail.
Унинг айтишича, ярим кечаси телефон чироқчаси ёруғидан уйғониб кетибди. Даян Ки уни ўчириб яна уйқуга ётибди, аммо ҳар куни ўшандан буён кечаси бир вақтда ўчирилган бўлса ҳам телефон чироқчаси ёнаверибди ва бир хил матнда хабар кела бошлабди: «Муаммо йўқ, мен сени унутган эмасман!»
Ғалати ҳодисадан капалаги учган кампир телефонини сотиб олган дўконига топшириб, пулини қайтариб олди.
Т.Шомуродов тайёрлади.