Мобиль алоқа ва интернет тармоқлари қачон талабга жавоб беради?
Самарқандда ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, аҳолининг интернет тармоқларидан эркин ва тезкор фойдаланишини таъминлаш бўйича кўп ишлар қилиш режалаштирилган.
- 2021 йил давомида вилоятда 5,3 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 13,4 минг километр кабеллар ётқизилди, - дейди ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. - Аҳолининг симли кенг полосали тармоққа уланиш имконияти 65 фоизга етказилди. Шунингдек, телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 100 минг сиғимли замонавий қурилмалар ўрнатилиб, портларнинг умумий сиғими 464,1 мингга етди. Бу эса камида 464,1 мингта хонадон ва юридик шахсни Интернет тармоғига уланишини таъминлайди. Фойдаланувчи абонентлар сони 2020 йилга нисбатан 45 мингтага ошиб, 161 мингтага етди. Йил давомида кўрсатилган алоқа хизматлари ҳажми 833,3 миллиард сўмни ташкил қилади.
Вилоятдаги 2338 та ижтимоий соҳа объекти, жумладан 1267 та халқ таълими, 697 та мактабгача таълим, 374 та тиббиёт муассасалари, 1123 та маҳалла ҳамда 828 та профилактика инспекторларига тўлиқ юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. 5,3 минг километр оптик толали алоқа кабелларининг 1,4 минг километри айнан ана шу объектларга тортилди.
Қишлоғимизда алоқа йўқ эди
Ўтган йили мобил алоқа сифатини яхшилаш учун 125 та янги база станциялари ўрнатилиб, 325 та станция модернизация қилингач, аҳоли яшаш пунктлари мобил алоқа билан 99,3 фоизга, мобил интернет билан қамров эса 90 фоизга яқинлашди.
- Шу пайтгача, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли томонидан мобил алоқа ва интернетнинг сифати ёмонлиги борасида мурожаатлар сони кўпайиб кетган эди, - дейди Д.Хўжамбердиев. – Ана шу шикоятларни эътиборга олган ҳолда 15 та мобил алоқа таянч база станциялари ўрнатилди. Шу вақтгача мобил алоқа ва интернет етиб бормаган Қўшработ туманида 7 та, Нурободда 16 та, Ургутда 6 та ҳамда Иштихон ва Самарқанд туманларида 1 тадан маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси телекоммуникация хизматлари билан таъминланди. Айни пайтда вилоятда рақамли телевидение сигналлари етиб бормаган аҳоли пунктлари қолмади.
Мегабайтлар нега қиммат?
Баъзида аҳоли ўртасида интернет хизматлари нархининг қимматлиги ҳақида кўп гап-сўзлар юради. Бироқ интернет оператори ва провайдерлари томонидан тарифлар миқдори бир неча маротаба арзонлаштирилди. Ҳозирда 1 мбит/с учун 30 минг сўмни ташкил этмоқда. Мазкур нарх 2018 йилга нисбатан 8 баробарга, ўтган йили давомида эса 42,9 фоизга арзонлаштирилди. Ургут туманининг 106 та нуқтасида WI-FI зона ташкил этиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилди. Туризм объектларининг 221 та жойида ташкил этилган WI-FI зоналардан нафақат сайёҳлар, балки аҳоли ҳам 1 мбит/с тезликдаги интернет хизматларидан бепул фойдаланиб келмоқда.
Ўқувчиларга қандай қулайликлар бор?
Мактаб ўқувчиларига ҳам интернетдан фойдаланишлари учун қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, бошқа тариф режаларга нисбатан тезлиги юқори ва нархи арзонлаштирилган махсус Education тариф режаларига фақат таълим муассасалари уланиши мумкин бўлади. Ҳозирда 830 та мактаб Education-1, 373 таси Education-2 ва 56 та таълим муассасаси Education-3 тариф режаларига уланган. Бунақа тарифлар соғлиқни сақлаш тизими ва маҳалла фуқаро йиғинлари учун ҳам ишлаб чиқилган.
Ёшларни замонавий ахборот технологияларига ўқитиш, уларнинг малака ва саводхонлигини ошириш мақсадида ўтган йили 16 та шаҳар ва туманда ташкил этилган «Рақамли технологиялар» ўқув марказларида 5,5 минг киши ўқишга жалб қилинди. Улар орасида “Темир дафтар”га киритилган 229 нафар, “Ёшлар дафтари”га кирган 485 нафар ва “Аёллар дафтари”даги 200 нафар хотин-қиз бепул ўқитилди. 1242 нафар давлат ташкилотлари ходимларининг уларнинг компьютер саводхонлиги бўйича малакаси оширилди.
ТАТУ Самарқанд филиали ва Тошкент иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида Инкубация ва акселерация марказлари ташкил этилиб, талабалар ўзларининг инновацион ёки стартап лойиҳаларини шакллантириш ҳамда ҳаётга татбиқ этишлари учун имконият яратилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қатнашиш истагини билдирган 272 минг нафар ёшнинг 100 мингдан зиёди лойиҳани муваффақиятли тугатди.
Муаммолар ва режалар
Вилоятда бу борада ҳали амалга ошириш лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Жорий йилда интернет тармоғини ривожлантириш бўйича 6 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 134,2 минг километр кенг полосали портлар монтаж қилиш режалаштирилган. Транспорт тармоғининг ўтказувчанлиги марказда 400 Гбит/с дан 600 Гбит/с га, шаҳар ва туманларда эса 40 Гбит/с дан 60 Гбит/с га қадар оширилади.
Шунингдек, маҳалла ва қишлоқларга 205 та мобил алоқа база станциялари ўрнатилиб, 81 та 3G мобил алоқа станциялари 4G га модернизация қилинади. Ҳудудларда 5 та IT мактаблари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ўқув марказларда 10 минг нафар ёшлар малака ва кўникма оширади. 250 га яқин аҳоли яшаш пунктларида истиқомат қилаётган аҳолининг юқори тезликдаги интернет тармоғига уланишлари учун имконият яратилди.
Маҳаллада қад ростлаган мобиль станцияси саломатлик учун зарар эмасми?
Яна бир гап. Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги «Зиёлилар», «Мевазор», «Имом Восе», «Обод маскан», «Сартепа», «Ўрикзор» каби 10 та маҳалла аҳолиси алоқа ва интернет хизматларининг сифати пастлигидан тез-тез шикоят қилишади. Бироқ, мазкур ҳудудларда мобил алоқа компаниялари томонидан база станцияларни ўрнатиш бўйича рухсат олинганига қарамасдан айрим фуқаролар томонидан станцияларни ўрнатишга тўсқинлик қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 августдаги қарори билан “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган бўлса-да, баъзи ҳолларда таянч база станцияларини ўрнатиш учун ер майдонларини ажратишда ҳам муаммолар пайдо бўлмоқда. Шу сабаб, алоқа операторларининг мобил алоқа таянч база станцияларини ўрнатиш учун ер ажратиш масаласидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилса, юртимизда мобиль алоқа ва интернет янада ривожланишига шубҳа йўқ.
Дилмурод Тўхтаев.