Моҳир адвокат Холида Бурхонова вафот этди

Бешафқат ўлим кўп йиллар адвокатура соҳасида ишлаб, одамларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда фаоллик кўрсатган аёл, билимдон адвокат Холида Бурхоновани орамиздан олиб кетди.

Холида Бурхонова 1955 йилда Булунғур тумани Ўроқли қишлоғида туғилди.

Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугаллаб, 1974 йилда Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди. Билими, ташкилотчилиги, тиришқоқлиги туфайли олийгоҳда ўтадиган турли тадбирларда фаол иштирок этди. 1979 йилда университетни ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тугаллади.

Дипломни қўлга олгач, илк меҳнат фаолиятини 1980 йилда Самарқанд вилоят адвокатлар ҳайъатида стажёрликдан бошлади. Бу ерда тажрибали ҳуқуқшунослардан касб сирларини ўргангач, адвокатлик фаолиятини бошлади. Ўша йилиёқ адвокатлик лицензиясини қўлга киритиб, Самарқанд шаҳар “Боғишамол” адвокатлар ҳайъати адвокати сифатида иш бошлади.

Х.Бурхонова бу ерда 21 йил меҳнат қилди. Бу даврда юзлаб одамларнинг суд, ҳуқуқ масалалари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишда жонбозлик кўрсатди.

2011-2014 йилларда Самарқанд шаҳар “BOG’ISHAMOL HAQIQATI” адвокатлик фирмаси бошқарувчиси бўлиб ишлаганда Холида опанинг бундай эзгу иши, жонкуярлиги жадал давом этди. 2018 йилдан буён эса ушбу Самарқанд шаҳар “BOG’ISHAMOL HAQIQATI” адвокатлик фирмасида адвокат сифатида ишлаб келаётган эди.

Ўз касбининг фидойиси бўлган Х.Бурхонованинг вафоти мамлакатимиз адвокатлари жамоаси учун катта йўқотиш бўлди. Шу муносабат билан биз барча ҳамкасблар номидан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Уларга Яратгандан сабр тилаймиз.

Самарқанд шаҳар “BOG’ISHAMOL HAQIQATI” адвокатлик фирмаси жамоаси.