Молдовада энергия инқирози туфайли талабалар масофавий таълимга ўтказилмоқда. Nokia бозорни тарк этмоқда. Кубадаги ҳарбий базада портлаш

🔹 Кеча Исроил ва ҲАМАС бир қанча халқаро воситачилар, жумладан, Миср ва Қатар иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолаган эди. Бироқ бугун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху келишувларнинг амалга оширилиши таҳдид остида эканини айтди. Матбоут Исроил олдин ҳам бир неча марта келишувларни орқага сурганини эслатмоқда.

🔹 Буюк Британия Бош вазири Кей Стармер эълон қилинмаган ташриф билан Украина пойтахтига борди. Британия ҳукумати мудофаа, илм-фан, энергетика ва савдо каби соҳаларни қамраб олувчи “100 йиллик ҳамкорлик” шартномасини имзолашни режалаштираётганини айтди.

🔹 Кубадаги ўқ-дорилар омборидаги портлашлар оқибатида 13 аскар ҳалок бўлди.

🔹 Қозоғистон транспорт вазирлиги AZAL самолёти ҳалокати ҳақидаги норасмий маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. "Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Ҳаво ҳодисаларини текшириш комиссияси ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Дастлабки ҳисобот эълон қилинмагунча, комиссия интернетда мавжуд бўлмаган маълумотларга изоҳ бермайди”, дейилади хабарда.

🔹 Владимир Путин АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп билан Россия-Украина уруши бўйича музокараларда Украинадан НАТО билан ҳарбий алоқаларни кескин узиш ва чекланган армияга эга нейтрал давлатга айланишни талаб қилади, деб ёзади Bloomberg Кремль позициясидан хабардор манбаларга таяниб.

🔹 Жо Байден АҚШ президенти сифатида хайрлашув нутқида америкаликларни бойлик ва ҳокимиятни олигархларнинг кичик доираси қўлида тўплаш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Кузатувчилар ва ОАВ у миллиардер Илон Маскни назарда тутаётганига ишонишади. Байден ўз хабарини президент сифатида хизмат қилиш "буюк шараф" бўлган халқ, унинг оиласи ва тарафдорларига миннатдорчилик билдириб, ёшларни мамлакатни белгиловчи тамойиллар ва институтларни ҳимоя қилишга чақирди.

🔹 Молдовада энергия инқирози туфайли талабалар масофавий таълимга ўтказилмоқда. Онлайн дарслар март ойи охиригача давом этади. Ўтган йилнинг 16 декабридан бошлаб мамлакатда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилган.

🔹 Франция президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кей Стармер ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгандан сўнг Украинага тинчликпарвар контингентни юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда.

🔹 Nokia бренди остида смартфонлар ишлаб чиқарувчи ва сотувчи Финляндиянинг HMD Global компанияси уларни сотувдан чиқарди. Бундай қарорга саноат гигантлари - Apple ва Samsung билан рақобатлаша олмаслиги сабаб бўлди. Nokia янги лойиҳалар, жумладан, космосда уяли алоқа тармоғини ўрнатиш устида ишлашда давом этади.