“Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти”

Давлатимиз раҳбарининг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 100 дан зиёд олимлари, муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқодчилар маърузалари билан иштирок этади.
Конференция Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни, мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини, XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти каби шўъбаларда иш олиб боради.
Биринчи шуъба IX-X асрларда мусулмон олами, хусусан, Мовароуннаҳрдаги ижтимоий-диний муҳит, эътиқод мусаффолигини асраш зарурати, Имом Мотуридийни шакллантиришга хизмат қилган Самарқанд илмий мактаблари, мотуридийлик таълимоти алломаларининг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси таҳлилига бағишланади.
Иккинчи шуъба Мотуридий алломалар илмий меросида умуминсоний қадриятлар, жумладан, бағрикенглик, мўътадиллик, илм-маърифат ғоялари, уларнинг бугунги кундаги аҳамияти, мотуридийлик таълимоти бўйича хорижий мамлакатларда амалга оширилаётган энг сўнгги тадқиқотлар таҳлилини ўз ичига олади.
Учинчи шуъбада Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросида кўтарилган мавзуларнинг бугунги кун учун долзарб ҳисобланган муаммолар, жумладан, дин ниқобидаги гуруҳларнинг ғояларига илмий раддия беришдаги аҳамиятига бағишланади.