Муаллиф номи билан аталувчи машҳур ихтиролар

1814 йилнинг 19 июлида Сэмюэль Кольт дунёга келди. У кейинчалик ўзининг шарафига номланган Кольт тўппончаси ихтиросига эгалик қилган. Бугунги мақоламизда ихтироларини ўзининг номи билан атаган бир нечта инсонни эслаймиз.

Сэндвич

Афсонага кўра Лондондаги вазир ва қарта ўйини устаси граф Сэндвич Джон Монтегю уни 1762 йилда ўйин пайтида ихтиро қилган. У ўйиндан чалғимасликни истаб, хизматкорига овқатни икки бўлак нон орасига қўйиб беришни сўраган. Ёнидаги шериклари ҳам Граф Сэндвич усулида тамадди қилган. Шу тариқа унга Сэндвич, деб ном қўйишган.

Макинтош


Шотландиялик кимёгар Чарльз Макинтош мато ва бўёқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. У ўзининг оилавий номини бериб, сув ўтказмайдиган ёмғир пальтосини ихтиро қилди. 1823 йилда тажриба ўтказа туриб, тасодифан камзулининг енгини резина эритмаси - каучук билан белаб қўйди. Бироз вақт ўтгач, у енгининг сувдан ҳўлланмаётганини пайқади ва топилмасини патентлашга шошилди.

Ватман


Машҳур қалин қоғоз 1750 йилларнинг ўрталарида инглиз қоғоз ишлаб чиқарувчиси Жеймс Ватман томонидан яратилган бўлиб, у қалинлиги сабаб тез вақтда акварель рассомлари орасида машҳурликка эришган. Айтганча, Ватманнинг ўзи ихтиросини пайвандланган (тўқилган) қоғоз деб атаган. Аммо бизларгача Ватман ихтирочисининг шарафига аталганича етиб келган.

Кардиган

Трикотаж тугмачали тагкўйлак инглиз генерали, граф Жеймс Кардиган шарафига номланган. У ҳарбий кийим тагидан кийиб, исиниш мақсадида ушбу кийимни ихтиро қилган. Дастлаб кардиган форма остида кийилар эди. Ҳозирда эса ёшлар орасида устки кийим сифатида машҳурдир.

Винчестер

Америкалик Оливер Винчестер ўз фаолиятини меҳмонхонада қурувчи сифатида иш бошлаб, кейинчалик тадбиркор бўлиб кетди. 1830 йилда у қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган, 1848 йилда кийим-кечак ва 1855 йилда ов қуролларини сотиш билан шуғулланадиган компанияни ташкил қилди. Кўп ўтмай, Winchester Repeating Arms Company томонидан ишлаб чиқарилган милтиқ ва қурол-аслаҳаларни ўзининг шарафига номлашни бошлади. Ўша давр адабиёти ва киноси бу номга кенг шон-шараф келтиришга ёрдам берди.

Жакузи
Италиялик Жакузи фамилияли оила ўғил фарзандларининг бири мунтазам равишда массажга муҳтож эди. Массаж ва сувнинг саломатликка фойдали таъсир кўрсатиши ўша давр шифокорлари томонидан тайинлагандан кейин биродарлар ушбу омилларни бирлаштиришга қарор қилишди ва замонавий иссиқ ваннанинг прототипини яратишди.

Кейинчалик улар ўз ихтироларини қайта-қайта такомиллаштириб, йигирмага яқин патент олишди. ХХ аср ўрталарида улар ўзларининг ихтироларини ишлаб чиқаришни бошладилар ва Jacuzzi фирмасини очишди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.