Муаммога ечим изланмайдиган «мулоқот»нинг кимга кераги бор?

Жорий йилнинг 6 январида Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг «Очиқ мулоқот» кўрсатуви орқали Иштихон тумани ҳокимлиги мутасаддиларига савол йўллаган ўндан зиёд мурожаатчиларга қўнғироқ қилиб, билдирилган масалаларининг ўрганилгани ҳамда ечими юзасидан суҳбатлашдик.

- Ўзим ва турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламаймиз, - дейди туманнинг Қирққиз қишлоғида яшовчи Б.Жониқулов. – Шунинг учун ҳовлимиздан уй-боғча очишга қарор қилдик. Бунинг учун гувоҳнома ва рухсатномани расмийлаштирдик. Ишни ҳали бошламаган бўлсак-да, солиқчилар ойига 290 минг тўлашимизни айтишди. Ушбу масала юзасидан туман ҳокимига мурожаат қилгандим. Аммо туман мутасаддилари мурожаатимга ижобий ечим топмади. Натижада фаолиятимизни бошламасдан фикримиздан қайтдик. Туман мактабгача таълим бўлимидан болаларнинг ётиши учун мебель, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун музлаткич сўрагандим. «Сиз бошлайверинг, аввал вилоятдан катталаримиз келиб кўрсин. Кейин сизга ёрдам беришни ўйлаб кўрамиз», дейишди. Ахир фақат уй-жойимиз бўлгани билан унинг ичида етарли шарт-шароити бўлмаган боғчага ким боласини беради? Қишлоғимизда 87 минг 500 сўмлик уннинг бир халтаси 100-95 минг сўмдан сотилаётгани, суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш 21 минг сўмга амалга оширилаётганини назорат қилишларини сўрагандим. Бу ҳам эътиборсиз қолдирилди.

Туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи Я.Элибоев Митан шаҳарчасига инвестиция жалб қилиб, ҳудуддаги пахта заводи, ғишт заводлари, вино ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини жонлантириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича таклифи юзасидан туман мутасаддиларининг жавобидан қониқмаганлигини таъкидлади.

Бир ҳовлида беш оила бўлиб яшаётган Г.Облаева уй-жой сўраб қилган мурожаатига ижобий ечим топилмаганидан нолиди.

2-гуруҳ ногирони бўлган ўғлининг нафақа пулларини вақтида олмаётганини айтгани учун Ҳ.Туроновни туман молияси ва банк ходимлари ариза ёздиравериб, пушаймон қилдиришибди.

- 65 ёшдаман, қайнонам эса 85 да, - дейди бўронхўжалик Б.Валиев. – «Каттақанғли» қишлоқ врачлик пункти ходимлари биз, кексаларнинг ҳолидан хабар олмаётганини «мулоқот» орқали айтувдим. ҚВП дўхтирлари ўтган бир ярим ойдан зиёд вақт мобайнида икки марта келишди. Иккаламизни ҳам текшириб, соғлом деб ташхис қўйиб кетишди ва ҳар ойда бир марта хабар олишга ваъда беришди. Шунисига ҳам шукр.

Мурожатчиларнинг ўн нафаридан атиги бир нафари ўз мурожаатига ижобий жавоб олганини таъкидлади. Биз тасодифан фақат қонун доирасида рад этилган мурожаатчиларга қўнғироқ қилиб қўйдикмикин, деган шубҳага ҳам бордик. Аммо туман ҳокимлигидан олинган қуйидаги маълумот мурожаатчиларнинг фикрига умуман қовушмаслигини кўрсатди: «6 январдаги «Очиқ мулоқот» кўрсатувида 80 та мурожаат келиб тушди. Шундан 60 таси (75 фоиз) ижобий ҳал этилди, 1 тасига қонун доирасида рад жавоби, 19 мурожаатчига тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди».

Ҳокимлик ва аҳоли мурожаатлари билан боғлиқ бундай тафовутга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

Хўш, ким кимни алдаяпти? Жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш, камчиликларга ечим излаш ўрнига кўзбўямачиликларга ўрин беришнинг, халқ олдига чиқиб, қуруқ ваъдалардан нарига ўтилмайдиган бундай «Очиқ мулоқот»нинг кимга кераги бор?

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.