Мудҳиш ЙТҲда тўрт киши вафот этди

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида 12 февраль куни соат 11:30 ларда мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

1984 йилда туғилган А.Б. ўзининг бошқарувидаги «Матиз» автомашинасини Абай ОФЙ ҳудудидан ўтувчи «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» А-380 йўлининг 645-километрида ҳайдаб кетаётиб, йўл сирпанчиқ бўлганлиги сабабли қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган, 1987 йилда туғилган Ш.Т. бошқарувидаги «МАN» юк автомашинаси билан тўқнашув содир этиши туфайли юк автомашинаси йўл четига ағдарилиб кетган.

Оқибатда «Матиз» автомашинаси ҳайдовчиси А.Б., йўловчилари — 1990 йилда туғилган С.М, 2019 йилда туғилган М.Қ. ҳамда 1965 йилда туғилган Т.Р.лар воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, «Матиз» автомашинасининг қолган йўловчилари, 1989 йилда туғилган С.С., 2000 йилда туғилган Д.Қ. ҳамда «МАN» юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.Т.лар жароҳат олиб касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.