Муфтийнинг ишдан кетгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига «Azon.uz» сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мусулмонлар идораси ушбу хабарларни инкор этиб, баёнот берди.
Мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Биз, фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Ўз навбатида диний идора мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз.