Мурожаатлар билан ишлаш масаласи сессияда муҳокама этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ биринчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Бу галги сессияда ҳам вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Хўжаев вилоятда инвестициялар жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир долзарб масалалар юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, 2021 йилда вилоятда умумий қиймати 447,2 миллион долларлик 54 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Йилнинг биринчи ярмида 84,2 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Хорижий инвестицияларнинг 47 фоизи Хитой, 17 фоизи Озарбайжон, 10 фоизи Туркия давлати ҳиссасига тўғри келади.

Йил бошидан буён Россия, Украина, Қозоғистон, Венгрия, Афғонистон, Покистон ва Тожикистон билан ҳудудлараро бизнес форумлар ўтказилиб, савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга эришилди.

Ҳудудий инвестиция дастурига кўра, бу йил умумий қиймати 10,6 триллион сўм бўлган 1106 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Январь-июнь ойларида 767 та инвестиция лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 4889 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳисобот даврида 172,1 миллион доллар экспорт прогнози белгиланиб, амалда 188,5 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилди. Кўрилган чоралар натижасида экспорт фаолиятига янгидан 91 та корхона жалб этилди ва улар томонидан қўшимча 21 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлар томонидан 2021 йил биринчи ярми давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Таъкидланишича, йилнинг биринчи ярмида вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 626 та маъмурий иш кўриб тамомланган. Уларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 342 таси рад қилинган, 58 таси иш юритишдан тугатилган, 56 таси кўрмасдан қолдирилган. Жумладан, туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 213 та иш кўрилиб, 40 таси қаноатлантирилган, 148 таси рад этилган.

Сессия кун тартибига кўра, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бошлиғи О.Тўхтаевнинг ҳисоботлари эшитилди.

Бошқарма раҳбарларининг юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар юзасидан тавсиялар берилди. Мурожаатлар билан ишлашда ҳисобот эмас, амалда одамларнинг розилигига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросига кўра, бундан буён вилоятдаги ҳокимликлар, бошқарма ва идораларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича амалга ошираётган ишлари Кенгаш сессияларида муҳокама қилиб борилиши белгиланди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий Низом тасдиқланди.

Унга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари қайта тузилиб, шахсий таркиби тасдиқланди.

Кенгашда янги – Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси ташкил этилди ва мазкур доимий комиссия раислигига депутат М.Ихтиёров тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритилди. Ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича вилоят идоралараро комиссияси Болалар масалалари бўйича комиссия этиб қайта ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги аппаратида Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

Депутатлар вилоят ҳокимининг 2021 йил 23 августда қабул қилинган “Зиядуллаев Саъдулла Эвадуллаевични Самарқанд вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компанияси директори лавозимига тайинлаш тўғрисида”ги қарорини тасдиқладилар.

Сессияда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.