Муслиҳиддин Муҳиддинов: “Чинакам илм ўз қадр-қимматини йўқотмайди, вақти келиб ўз муносиб ўрнини топади”

Халқимиз илмли кишиларни, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини “домла” деб эъзозлайди. Аммо ҳамма ўқитувчилар, олимлар номига ушбу муборак нисбани қўллашмайди. Шу сўзни қўшиб айтганлари билан ҳам айримларга бу ном ярашиқсиз бўлиб қолади ва тезда унутилиб кетади.

Юртимиз адабиётшунослари, навоийшунос олимлар, улар қайси ёшда бўлишидан қатъи назар, Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддинов ҳақида гап кетганда ёки у кишига мурожаат қилишганида албатта, шу каломдан фойдаланишади – “Муслиҳиддин домла”, “Муҳиддинов домла” ёки “эшон бобо” деб ҳурмат кўрсатишади. Ва албатта, бундай калом айтувчи тилига, эшитгувчи ва мурожаат қилинувчи киши қулоғига хуш ёқибгина қолмай, ярашади ҳам.

Бу аввало, домланинг улуғ сулола вакили бўлгани ва ота-боболари ишини давом эттириб, илм йўлида хизмат қилиш, шу орқали одамлар қалбига зиё улашишни ҳаётининг мазмуни деб билишида бўлса ажабмас. Қолаверса, олимларга, чинакам устозларга хос бағрикенглиги, шогирдпарварлиги ва хушкаломлиги, комилликка интилиши ҳам Муҳиддинов домланинг шараф ва мартабасини доим баланд қилиб келмоқда.

Муслиҳиддин Муҳиддинов “Эшони Ургутий”лар авлоди. Дастлаб Эшони Валихон Ургутий шу ном билан ҳурмат-эъзоз топган. Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси бўлган бу зот ўз даврида “қутб уз-замон” деб шарафланган. Мадраса ташкил этиб, ёшларга сабоқ берган, кўплаб муридларга устозлик қилган. 1915 йилда вафот этганидан сўнг унинг илмий-маърифий фаолиятини ўғли Эшони Муҳиддинхон давом эттириб, нақшбандия тариқатининг йирик шайхи, авлиёсига айланган. Ундан кейин ўғли Эшони Қутбиддинхон бу ишга бош бўлган. Бу инсон ҳам ота-боболари изидан бориб, тариқат йўлида илмий-ижодий изланишлар олиб борган, адабиётшунослик, тилшунослик билан шуғулланган. Аммо, собиқ шўро тузуми бу сулола вакиллари, хусусан Эшони Қутбиддинхон учун осон кечмаган. Улар турли қувғин ва таҳқирларни бошдан кечирган. Лекин кейинчалик барча айбловлар бекор қилиниб, улуғ зотларнинг пок номлари тикланган. Уларнинг хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган ва бу иш бугун ҳам давом этмоқда.

Муслиҳиддин домла ана шу табаррук сулоланинг бугунги муносиб давомчиси, Эшони Қутбиддинхоннинг фарзанди. Авлоддан-авлодга ўтиб келган илмсеварлик, маърифатга ташналик Муслиҳиддин Муҳиддинов шахсида ҳам мужассам. Бу инсон ҳам бутун ҳаётини, борлиғини илмга бағишлаган. Ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, Навоий меросини ўрганиш борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борган ва бугун бу борада илмий ишланишда бўлган ёшларга устозлик қилиб келмоқда.

Муҳиддинов домла меҳнат фаолиятини собиқ Самарқанд давлат педагогика институтида бошлаб, 1992 йилгача шу ерда ўқитувчи, доцент, ўқув-тарбиявий ишлар бўйича проректор вазифаларини бажарди. Институт Самарқанд давлат университети билан бирлаштирилгач, фаолиятини ушбу қутлуғ даргоҳда давом эттириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида домла университетнинг қайноқ фаолиятида фаол иштирок этди. Турли вазифаларда самарали меҳнат қилиб, ўзини кўрсатди. Жумладан, “Самарқанд университети” газетаси муҳаррири, университет қошидаги номзодлик диссертациялари ҳимоя этиладиган ихтисослашган кенгаш илмий котиби, илмий кенгаш раиси, 1998 йилдан 2011 йилга қадар маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор бўлди. Айни пайтда ҳам ўзбек адабиёти тарихи кафедраси профессори, университет ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси. Ёши саксонга қараб бораётган бўлса-да ҳамон илм йўлида изланишдан, ёшларга устозлик қилиш, қадрдон университети шаъни-шавкатини ошириш учун меҳнатдан қочмайди, балки бу ишларни ўзи учун шараф деб билади.

– Муҳиддинов домла ўзбек адабиёти тарихи бўйича етук мутахассис, Самарқанд адабиётшунослик мактабининг фаол давомчиларидан бири, бу соҳада амалга оширилган ишлари билан илм аҳли назарига тушган етук навоийшунос олим, – дейди Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов. – Биз, бутун университетимиз жамоаси бу инсон билан фахрланамиз. Домладаги ғайрат-шижоат, университетимиз учун жонкуярликни ёшларга ибрат қилиб кўрсатамиз. Муслиҳиддин  ака фақат илмий-ижодий ишлар билан чекланиб қолмай, мамлакатимизда содир бўлаётган буюк ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларидан руҳланиб, унинг моҳияти ва аҳамиятини талабалар онгига сингдиришда ҳам фаол жамоатчи ва фидойидир.

Домла ўз илмий тадқиқотларида комил инсон ғоясининг мумтоз адабиётдаги талқинларига катта эътибор берган. Бу олимнинг номзодлик ва докторлик диссертациялари, “Талқинларда оламча маъно”, “Икки олам ёғдуси”, “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида комил инсон талқини”, “Хамса”ларнинг биринчи достонларида комил инсон тасвири”, “Комил инсон – адабиёт идеали”, “Нурли қалблар гулшани” каби ўнлаб китоб ва рисоллари, ўқув қўлланмаларининг ҳам бош мавзуси бўлган.

– Адабиётшунослик соҳасида мавзу билан тадқиқотчи руҳияти ўзаро қовушмаса, иш кўнгилдагидек юришмайди, – деб ёзади таниқли адабиётшунос Султонмурод Олимов. – Муслиҳиддин Муҳиддиновда нақшбандия аср-асрлар қадрлаб, тарғибу ташвиқ қилиб келган эзгу ғояларга кучли садоқат бор. Дунёда яхши одамлар кўп. Аммо кўнгил одами бўлиш қийин. Нақшбандия эса кўнгил кишисини тарбиялашни мақсад қилади. Ҳаётимда Муслиҳиддин акадек инсон кўнглининг нозик-нозик тебранишларини дил-дилидан ҳис этадиган зиёлини жуда кам кўрганман.

Юқорида “Эшони Ургутий”ларга аввалги тузум даврида ноҳақликлар қилингани ҳақида эслатгандик. Муҳиддинов домла ўз ҳаёти, илмий фаолияти давомида ота-боболарининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш орқали тарихий ҳақиқат қарор топишига катта ҳисса қўшди.

– Ҳаёт доим бир хил кечмайди, турли даврлар, сиёсий тузумларда илм-маърифатга эътибор ҳам ўзгариб туради, – дейди Муслиҳиддин Муҳиддинов. – Лекин чинакам илм ўз қадр-қимматини йўқотмайди, вақти келиб ўз муносиб ўрнини топади. Бизнинг ота-боболаримиз маънавий мероси, уларнинг эзгу ишлари ҳам мустақиллик туфайли қайта юз очди. Улар номи билан боғлиқ маскан – Ургут туманидаги Чорчинор зиёратгоҳи обод этилди. 2002 йилда, ўша пайтда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ушбу қутлуғ масканда кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Эшони Валихон ва Эшон Қутбиддинхон хотирасига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди. Бу тадбирда ҳам Ш.Мирзиёев иштирок этиб, аждодларимиз ҳақида жуда самимий фикрларни билдирган эдилар. Бизнинг сулоламиз бундай эҳтиром учун у кишидан миннатдормиз.

Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрами Муҳиддинов домла учун қўшалоқ байрамга айланди. Президентимиз Фармонига кўра, у киши “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

– Бундан тўрт йил аввал “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” ордени билан, бу йил эса давлатимизнинг яна бир юксак мукофоти билан тақдирландим, – дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддинов. – Бу аввало Президентимизнинг юртимиз илм аҳлига бўлган жуда катта эътибор ва ғамхўрликлари самараси, тарихи Мирзо Улуғбек мадрасаи олияларига бориб тақаладиган Самарқанд давлат университетининг эътироф этилиши деб биламан.

Мир Алишер Навоийнинг

“Одамий эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”

деган мисралари бор. Бугун мамлакатимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган ва унга қатъий амал қилинаётган “Ислоҳотлардан мақсад – одамларнинг розилиги” деган ғоя айнан Навоий бобомизнинг фикрлари билан ҳамоҳангдир. Бош мақсади халқ ризолигига қаратилган давлатимиз йўли доим ойдин, бу ишларнинг бошида турган инсонлар ҳамиша омон бўлсин!

Ғолиб ҲАСАНОВ,  Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА