Мустақиллик – муқаддас калом, озодлик – энг тотли сўз!
Инсон умри шундайки, унинг ҳар лаҳзасида катта маъно мужассам. Шундай кунлар бўладики, улар моҳиятига кўра ойлар, йилларга тенглашади, миллатнинг, жамиятнинг, бутун бир мамлакатнинг, шу мамлакатда яшаган неча-неча авлодларнинг тақдирини, бахтли ҳаёт йўлини белгилаб беради.
1991 йилнинг 31 август куни тарихимиз солномасида худди шундай мўътабар кун сифатида муҳрланиб қолди. Шу куни қабул қилинган тарихий қарорга биноан, 1 сентябрь юртимизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилинди. Халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз орзу-умидларига мос равишда ҳаёт кечириш учун тегишли шарт-шароитларни яратиб бериш, янги мустақил Ватанни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, уни турли хуружлардан ҳимоя қилиш истиқлолимизнинг бош ғояси, асосий мақсади деб белгиланди.
Дарҳақиқат, дунёда мамлакатлар, давлатлар кўп. Лекин шу азиз заминнинг фарзандлари, салкам 35 миллионлик халқимиз учун муқаддас Ўзбекистонимиз ягона. Унинг замини азиз ва қадрли. Ватан мустақиллиги – бу қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, бебаҳо неъмат. Шу боис ҳам биз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолган.
2020 йил 17 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни ўқиганда бугунги тинч-тотув ҳаётимиздан, мамлакатимиз ва халқимиз эришаётган ютуқ ва муваффақиятлардан мамнун бўлиш баробарида, эртанги ёруғ кунларимиз, келажаги буюк Ўзбекистонни барпо этишга бўлган ишончимиз янада ортади.
Қарорда таъкидланганидек, Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллик – бу энг аввало ҳуқуқ демакдир. Фақат мустақиллик орқалигина юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англади, истиқлол юртимизда яшаётган, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омили бўлди.
Халқнинг маънавий руҳи мустаҳкамланди, ижтимоий фаоллиги ошди, огоҳлиги таъминланди. Янада муҳими — бугун мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди ва мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистонни ўзининг азиз Ватани, олтин бешиги деб ҳисоблайди. Бу бешикнинг тинч-тотувлиги, янада гуллаб-яшнаши учун ўзини масъул деб билади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори кун сайин ошиб бораётганидан, нуфузи мустаҳкамланаётганидан чексиз фахрланади.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувликка, аҳил-иноқликка ҳамманинг ҳаваси келади. Мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда ўзини ўзи боқишга қурби етмаган ночор ўлкадан ўз кучи ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчамизга ғурур-ифтихор бағишламоқда.
Бу ютуқларга мустақиллик боис эришилди, давлатимиз раҳбарининг қатъиятли, шижоатли халқчил сиёсати, халқимизнинг сабр-бардоши, ғайрат-шижоати, улуғ келажакка бўлган қатъий ишончи, олийжаноб фазилатлари боис, мустақил тараққиёт йўлида учраётган турли сунъий тўсиқлар енгиб ўтилмоқда. Дунёнинг турли мамлакатлари миллатлараро мажаролар, экстеримизм, терроризм, наркотрафик, одам савдоси каби балолардан озор чекиб турган бир пайтда, юртимизда халқимизнинг моддий фаровонлиги тобора яхшиланиб, янги ишчи ўринлари барпо этилаётгани, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиб, даромад манбалари кўпаяётгани ҳавас қилишга арзийди. Халқимиз чиндан ҳам, бугунги дунёқараши, онгу тафаккури, ҳаётга, меҳнатга, ён-атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабати, ижтимиоий-сиёсий қарашлари билан ўтган асрнинг 90-йиллари одамларидан кескин фарқ қилади. Замонавий билимларни пухта эгаллаган, жисмонан чиниққан, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, ғолиблик шаҳсупаларини бирин-кетин забт этаётган ёшлар эса буюк истиқлолимизнинг умидбахш мевалари, халқимизнинг ишончи ва таянчидирлар.
Дунё мамлакатлари тарихидан яхши маълумки, мустақил фикрлай оладиган, ҳар жиҳатдан малакали ва билимдон, баркамол ёшлар миллат олдида турган ҳар қандай мураккаб, масъулиятли вазифани ҳал этишга қодир бўладилар. Биз бугун босиб ўтилган ўттиз йиллик тарихан қисқа, аммо залворли давр ичида эришган ютуқларимиз ҳақида ўйлар эканмиз, давлатимизнинг бу борада тутган йўли нақадар тўғри эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Тарихда жангу жадаллар билан мустақилликка эришган, аммо бепарволикка йўл қўйиб, ҳамжиҳат бўлмай, ягона мақсад йўлида бирлашмай, уни қўлдан бой берган мамлакатлар, халқлар кўп бўлган. Не бахтки, халқимиз тарихнинг бу аччиқ сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, мустақилликни, мамлакатдаги тинч-тотув ҳаётни, миллатлараро аҳил-иноқликни сақлаб қолди. Миллий маҳдудликка берилмади, жаҳон ҳамжамияти билан икки ва кўп томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларни кенг миқёсда йўлга қўйди. Турмуш тарзимизда, онг-шууримизда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги ўз ифодасини топди.
Истиқлолни қўлга киритиш миллат учун катта бир ютуқ бўлса, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий асосларини яратиш, жамият ҳаётини тамомила янгитдан изга солиш ва ривожлантириш, янги жамиятнинг янги аъзоларини тарбиялашдек муҳим вазифаларни худди шундай буюк ғалабага тенглаш мумкин.
Истиқлолимизнинг ҳар куни, ҳар ойи, таъбир жоиз бўлса, ҳар дақиқаси тинимсиз курашлар, изланишлар билан ўтмоқда. Ҳамма соҳани ислоҳ қилишга, мустақиллик иморатини пойдеворидан бошлаб қайта қуришга, мамлакат иқтисодини янада соғломлаштиришга, иқтисодий узилишларнинг олдини олишга, яъниким омилкорлик ва тадбиркорлик билан иш тутишга тўғри келмоқда.
Донишманд боболаримиз панду ўгитларида, давлат арбобларининг сиёсий-ҳуқуқий қарашларида ҳар қандай миллат аҳил ва иноқ бўлмаса, ўзи кўзлаган мақсад сари интилишида бир ёқадан бош чиқариб, соғлом фикр асосида баҳамжиҳат ҳаракат қилмаса, масъулият ва ҳушёрлигини йўқотадиган бўлса, охир-оқибатда ўзининг энг катта, тенгсиз бойлиги бўлмиш мустақиллиги ва озодлигидан жудо бўлиши мумкинлиги такрор-такрор уқтирилган. Бундан англашиладики, “оммавий маданият” ва бошқа турли жозибали ниқобларга буркалиб, онг-шууримизга ошкора-пинҳона ёпирилиб келаётган, ҳаётий тажрибаси ҳали етарли бўлмаган ўсмирларни нишонга олаётган, асл мақсади бузғунчилик, ёшларни тўғри йўлдан чалғитиш, дунёқарашини эгаллаш бўлган хатти-ҳаракатларга асло бефарқ бўлмаслик керак.
Истиқлол дарахтининг ҳар новдаси, ҳар бир баргини бегона шамоллардан асраш лозим. Бу иш билан ҳар бир киши, ёши ва касбидан қатъи назар, муттасил шуғулланиши, меҳнат фаолиятида, оила ва маҳаллада миллат тақдирига, мамлакат келажагига дахлдорлик туйғусини ҳис этиши, атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги керак. Бир кишининг бефарқлигидан бора-бора бир неча кишининг бефарқ ва лоқайдлиги келиб чиқади. Бу иллат жуда тез урчийди. Ҳар бир кишининг огоҳлиги, куюнчаклиги ва фидойилиги эса кейинчалик умумий огоҳлик ва хушёрликка айланади.
Биз бугун, ҳаётимизда энг улуғ ва энг азиз бўлиб қолган байрамимизнинг ўттизинчи йилида шу тўғрисида ўйлар эканмиз, нечоғли қийин ва мураккаб йўлни босиб ўтганимизни, халқимизнинг пешонасига мустақиллик нури текканида мамлакатда, минтақа ҳудудида, дунёда қандай қалтис вазият мавжудлигини доимо ёдда тутишимиз зарурлигини ҳис этамиз.
Бахтимиз ва тақдиримизга айланган истиқлолимизнинг умри боқий бўлсин!
Худоёр МАМАТОВ,
юридик фанлари доктори, профессор.