Мутахассис тавсияси: Дарахт шохларини кесишда нималарга эътибор қилиш керак?

Ўзбекистонда мевали дарахтлар уйғонмаган даврда буталанади. Совуқ 10-12°С дан ошганда дарахт шох-шаббаларини кесиш тўхтатилади. Совуққа унча чидамли бўлмаган мевали дарахтларнинг тур ва навларини (гилос, ўрик, шафтоли, олманинг симеренко нави) баҳорга яқин – февралнинг иккинчи ярми ва март ойида кесилгани маъқул.

Мева дарахтларининг шох-шаббалари ўткир ва тоза асбоблар (қайчи, аррача) билан кесилади. Олиб ташланадиган шох ва новдаларни чала кесиш ярамайди. Акс ҳолда шу жойда кавак ҳосил бўлади. Йўғон шохни кесаётганда аввал уни остки томонидан, кейин эса устки томонидан арралаш керак. Ана шунда дарахт пўстлоғи зарарланмайди. Кесилган диаметри 3 сантиметрдан катта бўлган дарахт шохларига боғ замаскаси ёки бўёқ суртиб қўйилади.

Кесилган шохларнинг ҳаммаси томорқа боғидан олиб чиқилади. Қора рак кассаллиги тушган боғларда касал дарахтлар кесиб бўлингач, асбоб-анжомлар бир минут давомида 5 фоизли формалин эритмаси солиб қўйиш йўли билан дизенфикция қилинади.

Мева дарахтлари ёши, тури ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда кесилади. Ҳосилга киришнинг дастлабки даврида: 6 яшардан 15 яшаргача бўлган олма дарахтларининг шох-шаббаси сийраклаштирилади.

Бунда бир бирига халақит берадиган ва шох-шаббани соялайдиган барча новдалар олиб ташланади. Новда ҳосил қилиш хусусияти суст бўлган навларнинг ҳамма шохларидаги бир йиллик новдаларнинг қисқартириш давом эттирилади. Кучли шохлайдиган навларнинг (60 сантиметрдан ортиқ новдалари) қисқартирилади. Новдалар нормал (40-45 сантиметр) ўсганда қисқартирилмайди. Бироқ, новдаларнинг ўсиши 15-20 сантиметрдан камайса, уларнинг узунлиги ўсишини таъминлаш учун новдалар яна қисқартирилади. Ўсаётган ён новдалар эгиш ёки қисқартириш йўли билан ҳосил шохларига айлантирилади.

Олма дарахти тўла ҳосилга кирган даврида кесиш унинг ўсиши ва ҳосил беришини сақлаб қолишга қаратилади. Бу даврда уларни бошқа бир қатор ёш дарахтларга қараганда камроқ кесиш талаб қилинади. Шох-шаббани қалинлаштирадиган майда шохчалар кесилади. Янгидан ҳосил бўлаётган алоҳида узун новдаларни ҳосил шохларига айлантириш учун қисқартирилади. Пастдаги шохларнинг бақувват, ундан юқоридагиларнинг ўз тартиби билан ингичкалашиб боришини таъминлаш учун баъзан юқоридаги шохлар йўғонлашиб кетса, уларнинг ўсишини камайтириш мақсадида йирик шохлар кесилади. Агар ҳосилнинг кўплиги ёки агротехниканинг ёмонлиги туфайли асосий шохларнинг учида ўсиш 15-20 сантиметрча камайса, ўсишни кучайтириш учун 2-3 йиллик шохлар кесилади. Яъни сўнги йилларда ўсган заиф қисми олиб ташланади. Ҳосилга кирган дарахтларнинг нормал ўсишини таъминлаш мақсадида дарахт шохлари вақти-вақти билан чиканка қилинади. Бу даврда ён шохларнинг четга қараб ўсишини чеклаш мақсадида улар кесиб турилади. Шунингдек, осилиб қолган, ерга тегиб турган касал, қуриган ва цинган шохлар олиб ташланади.

Асосий шохларнинг учида ўсиш анча сусайганда улар ёнга қараб яхши шохлаши учун 5-7 йиллик шохларигача қисқартирилади.

Калта шохча ва ҳосил шохчаларининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда учдан бир қисмига ёки қоқ ярмига қисқартирилади. Асосий шохларни алмаштириш ёки шохчаларига айлантириш мақсадида новдаларга шакл берилади, ортиқча новдалар кесиб ташланади. Дарахт атрофидаги новдалар эса вақтинча қолдирилади. Ҳосил мўл бўлган йилларда кесиш йўли билан илгари ҳосил бўлган гул куртакларини камайтириш мақсадга мувофиқ. Аксинча, келаси йили мўл ҳосил етиштириш учун кузда кўпроқ кесиш ёки баҳорги шохларни сийраклаштириш йўли билан гулкуртакларини сонини камайтириш керак.

Нок дарахти ҳам олмага ўхшаб кесилади. Нокни кесишда новдаларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади. Кам шохлайдиган аммо кучли ўсган новдалари ва асосий шохларида жуда кўп ҳалқали шохчалари бўлган навларнинг новдалари уларнинг узунлигига қараб тенг ярмига ёки учдан бир қисмга қисқартирилади. Кучли шохлайдиган, чивиқ новдаларда ҳосил тугадиган ёки ҳосил тугмайдиган навларнинг асосан шох-шаббаси сийраклаштирилади. Агар ҳосилнинг кўплиги ёки бошқа бир сабабга кўра ўсиши кескин секинлашса, ўтган йилларда кучли ўсган шохлар қисқартирилади.

Беҳи дарахтига ҳам олма сингари сийраклаштирилган шакл берилади. Асосий шохларга шакл беришда уларнинг ўзаро боғлиқлигига қатъий амал қилиб, асосий шохларни ўткир бурчак бўйича кесишга йўл қўймаслик лозим. Бунда рақобатдаги асосий шохлар, ичига қараб ўткир бурчак ҳосил қилиб ўсувчи новдалар олиб ташланади. Асосий шохлардаги қолган новдалар олиб ташланмасдан майда ҳосил шохчаларига айлантирилади. Бунинг учун дастлабки 3 йилнинг ўзидаёқ қисқартирилади, яъни дарахтлар ҳосилга киришга тайёрланади. Аммо тўртинчи йилдан бошлаб, яъни дарахтлар ҳосилга кирганда, ўсаётган шохлардаги новдалар биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда турли даражада кесилади. Беҳининг ҳамма навлари барг қўлтиқларида ҳосил тугади. Кучли ўсган новдаларидаги баъзи барг қўлтиқларидаги куртаклар ҳосил куртакларига айланади. Барг куртакларидаги ҳосил куртаклари фақат кучли ўсган новдаларнинг юқори қисмида бўлади. Шу муносабат билан ўсаётган шохлардаги новдалар калта қилиб кесилса, новда мева куртакларини мавжуд қисми олиб ташланади.

Ўсиш секинлашганда беҳи дарахтини ёшартириш учун ҳар 3-4 йилда 2-3 йиллик, кейинчалик эса 5-6 йиллик шохлари кесилади.

Ўрик дарахти ёш пайтида кучли ўсиши билан ажралиб туради. Дарахтлар 6-7 ёшга киргунча бақувват новдалар ҳосил қилади, чунки улар бу даврда жуда кам шохлайди. Ёш новдалар яхши ҳосил бериши учун бақувват новдалар учдан бир қисмига ёки тенг ярмига қисқартирилади. Шу мақсадда бу ёшда новдаларни ёзда (май-июнь ойида) чилпиган маъқул. Кейинчаллик дарахтни кесиш ортиқча навбатдаги тартиб шохларини олиб ташлаш ва новдаларини меъёрида қисқартиришдан иборат бўлади.

Дарахтлар 20-25 ёшга кирганда уларнинг ўсиши шунчалик секилашадики, бу ҳол ҳосилга салбий таъсир кўрсатади. Бу даврда дарахт ёнидан шохлаш учун 2-4 йиллик шохлари кесилади. Дарахт бундан ҳам қари бўлганда ёки суст ўсганда 5-7 йиллик шохлари кесиб яшартирилади.

Ойбек Сулаймонов

Самарқанд давлат университети

Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ўқитувчиси.